Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий хизматчиларимизнинг Буюк Британиядаги муваффақияти
2017-10-24 | Жамият
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Буюк Британияда разведка бўлинмалари ўртасида ўтказилган "Кембрия патрули" халқаро танловида иккинчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг бир гуруҳини тантанали кутиб олиш маросими бўлди.
Уэльсда қарийб қирқ йилдан буён “Кембрия патрули” анъанавий танлови ўтказиб келинмоқда. Бу йил унда дунёнинг 29 мамлакатидан 139 жамоа иштирок этди.
Иштирокчиларнинг айтишича, мусобақа ўтказилган кунларда Кембрия тоғларида ҳаво булутли бўлган, деярли тўхтовсиз ёмғир ёққан. Баъзи жамоалар ҳатто ўтиш қийин бўлган ўрмонлар туфайли маррага етиб кела олмаган.
Иштирокчилар икки кечаю кундуз давомида 65 километрлик масофани пиёда босиб ўтди. 25 килограммдан кам бўлмаган юк билан гоҳ 1000 метрдан зиёд баландликдан ўтишди, гоҳ 750 метр нишабликдан юришди. Айнан шу йўл билан иштирокчиларнинг жисмоний иродаси, далада юриш кўникмаси, ҳамжиҳатлиги жиддий синовдан ўтди.
Марш давомида тоғ ва сув тўсиқларидан ўтиш, шартли ғаним жойлашган ҳудудни аниқлаш, шартли жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, "гаровга олинганлар"ни озод этиш ва эвакуация қилиш, пистирмада ҳаракат қилиш каби махсус вазифалар бажарилди.
Ушбу мусобақаларда Ўзбекистон разведка бўлинмалари илк бор қатнашганига қарамай, Италия жамоаси билан бирга иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Биринчи ва учинчи ўринлар мезбонлар жамоаларига насиб этди.
Манба: ЎзА