Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазма
2017-10-18 | Жамият
Қирғиз халқининг атоқли адиби Чингиз Айтматов миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб жой олган. Унинг бадиий публицистик ва адабий-танқидий мақолалари, роман ва қиссаларининг ғоявий бадиий моҳияти, дунёда тинчлик, инсоний меҳр-муҳаббатни сақлаш, она заминни асрашга даъват этади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазманинг очилишида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Унда Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва қатор жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар қатнашди.
Университет ректори А.Мараҳимов, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Д.Сиддиқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С.Саййид ва бошқалар Чингиз Айтматов бетакрор ижоди билан Ўзбекистон – Қирғизистон халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган буюк адиб эканини алоҳида таъкидлади. Ёзувчининг ўз даврида Миртемир, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов сингари ўзбек адабиёти намояндалари билан боғлаган адабий алоқалари ва мустаҳкам дўстлик ришталари бугунги навқирон авлод учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди.
Адибнинг бадиий публицистик асарлари ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилинган. Хусусан, Чингиз Айтматовнинг «Юзма-юз», «Жамила», «Сарвиқомат дилбарим», «Бўтакўз», «Биринчи муаллим», «Момо ер», «Сомон йўли», «Алвидо, эй Гулсари», «Оқ кема», «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар», «Асрга татигулик кун», «Қиёмат» каби ижод намуналари ўзбек китобхонларининг севимли асарларига айланган.
Кўргазмада Чингиз Айтматовнинг ана шундай дурдона асарлари, адиб ҳақидаги хотиралар, мақолаларнинг электрон нусхалари, ёзувчининг ҳаёти ва ижоди тасвирланган фотосуратлар ўрин олган.
Манба: ЎзА