Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам овоз бериш бошланди
2015-03-29 | Жамият
Нукус. Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган 589 сайлов участкасининг барчаси эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум. Сайловда овоз бериш учун 1 миллион 159 минг 795 сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг 6 минг 700 нафари биринчи марта овоз бераётган ёшлар, 30 нафари 100 ёшдан ошган кексалардир.
29 март, соат 6.00. Нукус шаҳридаги 14-сайлов участкасида овоз бериш жараёни бошланди. Унда сиёсий партияларнинг вакиллари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давлатимиз мадҳияси янграб, сайловчилар овоз бериш учун таклиф этилди.
– Сайлов участкамиз бўйича 2 минг 702 сайловчи рўйхатга олинган, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Султон Муҳаммаддинов. – Сайлов участкамизга келолмайдиган 17 сайловчининг уйига кўчма қути ва бюллетенларни олиб борамиз.
– Ҳозиргина мамлакатимиз равнақи ва порлоқ келажагимиз учун ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим, – дейди 86 ёшли меҳнат фахрийси Бекберген Есемуратов. – Сайлов қутисининг олдида туриб, негадир битта номзод учун ҳамма якдил овоз берган замонлар хаёлимга келди. Сайлов деб аталса-да, танлаш имконияти йўқ – истасанг ҳам, истамасанг ҳам ягона номзодни қўллаб-қувватлар эдинг. Бугун, мана, тўрт номзод. Сайлов олдидан уларнинг таржимаи ҳоли, дастури билан танишдим.
Илк бор сайловда иштирок этиб, ўз муносабатини билдирган ёш сайловчини ҳам суҳбатга тортдик.
– Мен Нукус ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ўқийман, – дейди Гулойим Ўтербоева. – Президентликка номзодларнинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастури билан танишиш учун барча шароит яратилди. Ўзим танлаган номзодга овоз берганимдан хурсандман.
Ушбу сайлов участкаси жойлашган маҳалла ўз номига муносиб – бу ерда йигирмага яқин миллат вакиллари ўзаро тотув, аҳил-иноқ яшайди.
– Маҳалламиз аҳли тўй-ҳашам, маърака ва турли байрамларда ҳамиша бирга, – дейди 5-"Халқлар дўстлиги" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Урқия Тангирбергенова. – Бугунги сайловда ҳам барча фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Биз сайлов участкасига кела олмайдиган кексаларимиз Мария Пак ва Раима Абдуллаеванинг хонадонига кузатувчилар иштирокида овоз бериш қутиларини олиб борамиз.
Қорақалпоғистон Республикасининг барча сайлов участкаларида овоз бериш давом этмоқда.
Манба: ЎзА