Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш йўлида
2017-10-07 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 2017 йил 5-6 октябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 5 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари аввал тор доирада, кейин кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1996 йил 24 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланмоқда.
Кейинги бир йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги саҳифа очилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5-6 сентябрдаги Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда тарихий воқеа бўлди. Унда савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, маданият соҳаларида ва чегаралар масаласида имзоланган ҳужжатлар ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтарди.
Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга келгани мазкур тарихий ташрифнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланди.
Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст ва қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз, маданий ва диний қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз муштарак.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифлари амалга оширилмоқда ва бу улкан самаралар бераётир.
Давлатларимиз халқаро доирада бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига мос ёки яқиндир.
Мамлакатларимиз бутун минтақада тинчлик ва хавфсизлик мустаҳкамланишидан манфаатдор. Учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Марказий Осиё сув-энергетика ресурсларидан минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона ва комплекс фойдаланиш бўйича икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар мазкур соҳада ўзаро мақбул, узоқ муддатли, барқарор механизмларни ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказади.
Музокараларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия бу борада муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар яқинда Ўшда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада иштирок этди. Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида «Ўзэкспомарказ»да саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форум ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Ташриф доирасида ўтказилган бизнес-форумда истиқболли келишувларга эришилди.
Томонлар ўзаро савдонинг барқарор ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, яқин йилларда савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш ва унинг номенклатурасини кенгайтиришга келишиб олди. Бунинг учун саноат кооперациясини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиллар, автобуслар, маиший ускуналар, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш юзасидан ишлар давом эттирилади. Икки мамлакат ишбилармон доиралари делегацияларининг ўзаро ташрифлари ташкил қилинади, қўшма бизнес-форумлар ўтказилади. Икки мамлакат вакилларининг Ўзбекистонда ва Қирғизистонда ўтадиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишлари қўллаб-қувватланади.
Муҳокамаларда транспорт коммуникациялари соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу икки мамлакатнинг иқтисодий ва транзит имкониятларини ошириши, янги транспорт йўлаклари очиш томонларга бирдек манфаат, қўшимча даромад келтириши таъкидланди. «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли ва «Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар» автомобиль йўли қатнови бу борада улкан аҳамият касб этади.
Маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кенг. Шу мақсадда таълим, фан ва техника соҳасида ҳамкорлик, таълим ва илмий муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ривожлантирилмоқда. Бу илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш, тадқиқотчилар, мутахассис ва талабалар алмашинуви, таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, малака ва илмий даражалар масалалари бўйича ахборот алмашиш учун қулайлик яратади.
Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам халқларимизнинг бой тарихий мероси, тили, маданияти, қадриятлари асраб-авайланмоқда. Маданий, ижодий, жамоат ташкилотлари ва уюшмалари ўртасида алоқалар қўллаб-қувватланмоқда. Кейинги вақтларда бўлиб ўтган театр жамоаларининг ижодий сафарлари, адабиёт, санъат ва фан арбоблари ижодига ва фаолиятига бағишланган тадбирлар шундан далолат беради. Шу кунларда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари зўр муваффақият билан ўтказилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан давлат чегаралари бўйича тарихий келишувларга эришилгани, чегарадош ҳудудлараро борди-келди осонлаштирилгани маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлади. Бу истиқболда туризм соҳаси ривожи учун ҳам кенг имкониятлар очади.
Ўзбекистонда қирғиз тилида ўқитиладиган, Қирғизистонда дарслар ўзбек тилида ўтиладиган мактаблар фаолият юритмоқда. Ўзбекистон кўмагида Ўш шаҳрида замонавий мактаб бунёд этилмоқда.
Олий даражадаги музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзоладилар.
Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳудудлари, вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликка доир 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Шунингдек, давлат ташрифининг иккинчи куни ўзаро манфаатдорлик асосида яна бир қатор ҳужжатлар тайёрланди ва қабул қилинди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи ниҳоясига етди. Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.
Манба: ЎзА