Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2017-10-02 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пулга товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда фискал хотирали назорат-касса машиналар қўлланишини янада такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли билан пулли ҳисоб-китоб қилишни тезкор ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5116-сонли Фармонига мувофиқ Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида давлат солиқ хизмати органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида узатилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул ва нақд пулсиз шаклдаги тушумлар, шу жумладан, электрон тўловлар устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилиши, республикамизнинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки, Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган назорат-касса машиналарининг (кейинги ўринларда – онлайн НКМ) замонавий моделларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар ҳажмини аниқлаш учун 2018 йилнинг 1 январидан 30 мартигача Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн НКМлар тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилади;
2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида барча юридик шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда онлайн НКМ ёрдамида амалга оширади;
2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн НКМни қўллаган ҳолда амалга оширади;
қарорнинг мазкур банди қоидалари қонунчиликка мувофиқ фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари билан қамраб олинмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан ушбу бандда белгиланган муддатлар тугагандан кейин онлайн НКМларни қўлламасдан товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш назорат-касса машинасини қўллаш тартибини бузиш деб қаралади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
4. Давлат солиқ қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари 2018 йилнинг 1 майидан юридик ва жисмоний шахсларга тегишли онлайн НКМларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқарилишини, шу жумладан, жаҳон информацион Интернет тармоғи орқали масофадан хизмат кўрсатиш имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ўзлари фаолият юритаётган шаҳар ва туманларда амалга оширилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Шерматов Ш.Х.):
Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев Б.Р.) ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда телекоммуникация тармоқлари билан қамраб олинмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини тасдиқласин ҳамда ҳар йили янгилаб борсин;
телекоммуникация тармоқлари билан қамраб олинмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини ҳар календарь йилнинг 25 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиб борсин.
6. Онлайн НКМдан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш, жойлаш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига сўровга мувофиқ узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев Б.Р.) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Шерматов Ш.Х.) ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фискал маълумотлар операторининг фаолиятини тартибга соладиган Низомни тасдиқласин ва фискал маълумотлар оператори функциясини бажарадиган юридик шахсни аниқласин.
7. «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси (Боқиев Ф.Х.):
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Шерматов Ш.Х.), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев Б.Р.) ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 1 ноябригача кейинчалик чекларнинг ҳақиқийлигини аниқлашда фойдаланиладиган уникал кодли чек берадиган онлайн НКМга қўйиладиган ягона техник талабларни белгилайдиган давлат стандартини ишлаб чиқсин ва қонунчиликда белгиланган тартибда экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун «Ўзстандарт» агентлигига тақдим этсин;
онлайн НКМга қўйиладиган ягона техник талаблар конфигурацияси маълумотларининг очиқлигини таъминласин;
бошқа манфаатдор шахсларни жалб қилган ҳолда, 2017 йилнинг 1 декабригача республикада онлайн НКМ ва (ёки) НКМ таркибида ишлаш учун мўлжалланган маълумотларни онлайн режимида давлат солиқ хизмати органларига узатиш функциясига эга бўлган махсус қурилмалар кенг ишлаб чиқарилишини ташкил этсин;
юридик ва жисмоний шахсларга онлайн НКМни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш имкониятини яратсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Шерматов Ш.Х.):
а) телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан, мобиль алоқа операторлари ва провайдерларига пуллик ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига узлуксиз узатиш хизматлари тақдим этишини таъминласин;
б) базавий станциялар, жумладан, CDMA-450 технологияларини қўллаган ҳолда станциялар сонини кўпайтириш;
тармоқлар билан, айниқса, олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларини қамраб олиш зоналарини кенгайтириш;
онлайн НКМдан фойдаланишда махсус тариф режаларини ишлаб чиқиш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев Б.Р.) Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (Тангриев Л.Х.), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида мазкур қарорнинг мақсади, моҳияти ва амалий аҳамиятини кенг ёритиш бўйича тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев Б.Р.) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Вазирлик ва идоралар қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.
11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Бош вазир ўринбосари Д.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р.Парпиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 72-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда амалга оширилади.
Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарори билан тасдиқланган низомлар билан тартибга солинади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар назорат-касса машиналарининг фискал хотирасида сақланади.
Ҳозирги пайтда тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилмоқда.
Бундан ташқари, йирик савдо тармоқларида товарлар ҳисобини юритиш, харидорларга назорат-касса машинасидан чек бериш ягона компьютер тизими орқали амалга оширилиши сабабли улардаги нақд пул тушумлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланмайди.
Нақд пул тушумларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жуда кўп вақт талаб этиладиган хронометраж тадбирларига мунтазам равишда жалб қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5116-сон Фармони билан давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланган.
Ушбу вазифалар, шунингдек, юқоридаги Фармон билан тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар ҳажмини аниқлаш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилади. 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ушбу ҳудудлардаги барча юридик шахслар, 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб барча юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга ошириш орқали босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.
Онлайн назорат-касса машиналаридан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ қўмитасига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади.
Фискал маълумотлар оператори функциясини бажарадиган юридик шахс Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда аниқланади.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши билан:
биринчидан, харидорларга берилган назорат-касса машиналари чекларининг марказлашган электрон маълумотлар базаси яратилади ва назорат-касса машиналаридан фойдаланмаётган савдо шохобчаларини онлайн режимда аниқлаб, тезкор чоралар кўриш имконияти яратилади;
иккинчидан, назорат-касса машиналари орқали харидорларга берилган чеклар ҳақидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, тушум суммасини камайтириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш, бузиш ёки рўйхатдан ўтмаган назорат-касса машиналаридан фойдаланиш, шунингдек, иккиламчи бухгалтерия юритиш каби ҳолатларга чек қўйилади;
учинчидан, онлайн назорат-касса машиналарининг касса чекларидаги рақамлар уникал (такрорланмайдиган) бўлганлиги сабабли уларни сохталаштиришнинг олди олинади, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатилади, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишнинг янги босқичга кўтарилиши таъминланади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг нақд пул тушуми билан боғлиқ фаолиятига аралашиш ва турли хил назорат тадбирлари ўтказилишининг камайишига олиб келади.
Манба: ЎзА