Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар ўз келажаги учун овоз бермоқда
2015-03-29 | Жамият
Мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, фикри теран, азми қатъий авлод камолга етмоқда. Ёшларимиз Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга дахлдорлик ҳисси билан яшаётир.
Ёшлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашмоқда. Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этаётгани ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ошиб, фуқаролик позицияси мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Бугун эрта тонгдан пойтахтимизнинг «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги 17 сайлов участкаси ўз эшикларини очди.
219-сайлов участкаси Талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази биносида жойлашган. Байрамона безатилган ушбу участкага овоз бериш учун биринчилардан бўлиб ёшлар келди.
Участкада 3850 сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 2721 нафари ёшлардир.
– Президент сайлови мамлакатимиз келажаги, эртанги кунимизнинг қандай бўлишини белгилашда муҳим ижтимоий-сиёсий жараёндир. Унда йигит-қизлар фаол иштирок этаётир, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Ботир Содиқов. – Ёшларимизнинг ўз тақдирини мамлакат тақдири билан уйғун кўраётгани, мустақил фикрга эгалиги, келажакка катта ишонч билан яшаётгани, эзгу мақсадларни дилига туккани уларнинг юз-кўзида, ҳаракатларида намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишда навқирон авлод вакилларининг иштироки муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси томонидан ёш сайловчиларни мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва уни ўтказишга оид жараёнлар билан таништириш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудида мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари ва анжуманлар ўтказилди.
– "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари сафида таълим масканлари ва маҳаллаларда ташкил этилган тарғибот-тушунтириш тадбирларида иштирок этдик, – дейди Тошкент давлат техника университети талабаси Темур Икромов. – "Ёшлар сайловга тайёр", "Сенинг овозинг ҳал қилувчи кучга эга", "Бугунги ўқувчи – эртанги сайловчи" каби лойиҳаларда миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, сайловга тайёргарлик ва уни ўтказишга оид билимларим янада бойиди. Бугун тенгдошларим қатори ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.
Манба: ЎзА