Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш ўзбек режиссёрининг муваффақияти
2017-08-25 | Маданият
Навқирон ўзбек фарзанди, юртдошимиз Анвар Мадраимов Америка Қўшма Штатларининг Калифорния штатида ўтказилган қисқа метражли фильмлар фестивалида ғолиб, деб топилди.
Фестивалда сараланган 400 та фильм орасида Анвар “Туғилган кунга табрикнома” (“A Birthday Card”) номли қисқа метражли фильми учун “Ёш режиссёр суратга олган энг яхши фильм” (“Best Youth”) номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
Анварнинг драма жанрида суратга олган қисқа метражли фильмида фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган аёл тақдири, унинг янги ҳаёт қуришга интилиши йўлида дуч келаётган ҳолатлар, оилавий ҳаёт билан боғлиқ ижтимоий масалалар ҳақида ҳикоя қилинади.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, А.Мадраимов 22 ёшда бўлиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таълим олган. Ҳозирги кунда Лос-Анжелес шаҳридаги Нью Йорк киноакадемиясининг (“New York Film Academy”) кинематография факультетида ўқишини давом эттирмоқда.
Анвар қатор қисқа метражли бадиий ва ҳужжатли фильмлар режиссёридир. У тўлиқ метражли бадиий фильм суратга олиш сирларини ўрганмоқда.
– Ўзбек киноси бой тарихга эга. Давлатимиз раҳбарининг кино санъатини янада ривожлантиришга қаратаётган эътибори соҳа вакилларини янги асарлар яратишга ундамоқда. Биз, ёшлар бу ишга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз, – дейди Анвар.