Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ таълими: ислоҳотларнинг янги босқичи
2017-08-24 | Жамият
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси шундай номланди. Унда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаев, пойтахтимиздаги қатор мактабларнинг директорлари ва бошқа мутасадди ходимлар янги ўқув йилида тизимда жорий этилаётган янгиликлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2017 йил 2 август ва 16 август кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда янги ўқув йилига тайёргарликнинг бориши, хусусан, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш билан боғлиқ ишлар ҳолати атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли кўрсатмалар берилган эди.
Халқ таълими вазири маълум қилишича, янги ислоҳотлар билан бошланиш арафасида турган ўқув йилига алоҳида тайёргарлик кўрилиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу йил 650 минг ўғил-қиз умумтаълим мактабларининг 1-синфига ўқишга боради. Уларга «Президент совғаси» – 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилди. Бу совғалар ўқув йилининг биринчи куни ўқувчиларга тантанали топширилади.
Янги ўқув йили олдидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 1 минг 300 дан зиёд мактаб бозори ташкил этилди. Тоғли қишлоқларга 98 кўчма автодўкон йўналтирилди. Уларда ўқувчилар учун зарур 26 турдаги асосий ўқув қуроллари, мактаб формаси ва спорт кийимлари савдоси йўлга қўйилган.
Айни кунларда давлат таълим стандартлари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган мактаб дарсликлари, ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилиб, таълим муассасаларига етказилмоқда.
Халқаро пресс-клуб сессиясида 2016/2017 ўқув йилида 9-синфни битирган 467 минг ўқувчидан 352 минг ўғил-қиз 10-синфда ўқишни давом эттириш истагини билдиргани қайд этилди. Журналистлар мазкур жараёнга тайёргарликнинг бориши билан қизиқди.
– 11 йиллик ўрта таълим тизими халқимизнинг хоҳишини инобатга олган ҳолда Президентимиз ташаббуси билан жорий этилмоқда, – деди халқ таълими вазири У.Иноятов. – Мактабларда 10-синфлар очилиши қўшимча 22 минг ставка ўқитувчига эҳтиёжни юзага келтирди. 9,5 минг мутахассис олий таълим битирувчилари, 13 минг мутахассис академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари фан ўқитувчилари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган. Янги ўқув режамизга мувофиқ 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини, 1 кун касбий фанларни ўрганиши белгиланган. Ўқувчиларга касб ўргатадиган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари мактаб ёки унга яқин касб-ҳунар коллежларида ташкил этилади.
Жорий йилнинг 11-12 август кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан саралаб олинган 10-синфларда дарс берадиган ўқитувчиларнинг касбга оид билимларини янгилаш ва чуқурлаштириш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курслари ўтказилди. Уларда малака оширган ўқитувчилар ўз кўникмаларини ҳар бир мактаб ўқитувчисига етказади. 10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, айни пайтда таълим муассасаларига етказилмоқда.
Мактаб ўқувчилари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳам долзарб вазифалардан саналади. Шу мақсадда бу йил ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига 28 номдаги 1,2 миллион нусха бадиий адабиёт, энциклопедиялар тақдим этилди.
Ўз навбатида мактаб ўқувчилари ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг давоматини яхшилаш борасида ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Халқ таълими вазирлигида ёшлар билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинди, ҳар бир мактабда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилари штати жорий этилди. Улар бевосита ёшлар таълим-тарбияси, давомати, дарсларни ўзлаштириш кўрсаткичлари билан шуғулланади, ўқувчилар психологиясини ўрганиб, ўй-фикрлари, келажак режалари билан ўртоқлашиб боради.
Халқ таълими тизимидаги ислоҳотлардан яна бири мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари фарзандларимизга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим-тарбия беришга, уларни соғлом камол топтиришга ғоят муҳим масала сифатида қараб келади. Бу борада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Болаларни мактабга тайёрлашнинг альтернатив шаклларини жорий этиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг бўш ўринларидан фойдаланган ҳолда қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиб, уларга 61 минг бола қўшимча қамраб олинди. Уларда китобхонликка бўлган қизиқишни барвақт уйғотиш учун мактабгача таълим муассасалари эртак китоблар, интеллектуал ривожлантирувчи ўйинчоқлар билан таъминланди.
Манба: ЎзА