Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Foreign Affairs” Марказий Осиёда янги жўшқин сиёсий жараён тўғрисида
2017-08-10 | Сиёсат
АҚШда чоп этиладиган нуфузли “Foreign Affairs” журналининг электрон сайтида «Марказий Осиёда умидбахш тараққиёт» мақоласи эълон қилинди. Унинг муаллифи қароргоҳи Вашингтон шаҳрида жойлашган Америка ташқи сиёсати кенгаши вице-президенти Илан Берман.
“Foreign Affairs” веб-саҳифасининг ҳар ойда 2,1 миллиондан зиёд ўқувчиси бор. Журнал ва унинг электрон нусхаси расмий доиралар ва экспертлар орасида жуда катта нуфузга эга бўлиб, сиёсатни шакллантирувчи нашрлардан бири ҳисобланади. Нашрда давлат раҳбарлари, вазирлар, бошқа юқори даражадаги сиёсатчиларнинг мақолалари мунтазам босилиб туради.
“Бугун Евроосиё маконида туб ўзгаришлар содир бўлмоқда, -дейилади мақолада. - Хусусан, Марказий Осиёда минтақий ҳамкорлик ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш сингари янги анъаналар сезилмоқда”. Мутахассиснинг фикрича, воқеаларнинг бундай ривожида тарихий асослар ётади. “Мингйиллар давомида бу замин савдо, илм-фан ва инновациянинг глобал маркази бўлиб хизмат қилган”.
Минтақада амалга оширилаётган жараёнларнинг асосий омили Ўзбекистондаги ўзгаришлар, - деб ҳисоблайди эксперт. - 2016 йилнинг сентябр ойида мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов билан видолашди. Олий мақомга сайланган Шавкат Мирзиеёв ўз маъмуриятига устувор масалалар сифатида фуқаролик жамияти ва дипломатия майдонида фаолликни ошириш лозимлигини белгилаб берди”.
Нашрнинг таъкидлашича, “Шавкат Мирзиеёв минтақа муаммоларини ҳал этишда ўзгача йўл топишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга Тошкентнинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ эканини қайд этди. Лавозимга келгач эса, у ваъдасининг устидан чиқди”, дейди америкалик эксперт. Сиёсатчи бу борада муҳим муваффақиятлар сирасига Ўзбекистон раҳбарининг Туркманистонга амалга оширган давлат ташрифлари якуни, Қозоғистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Қирғизистон билан муносабатларни мўътадиллаштириш жараёни бошланганига эътиборни қаратди”.
Мақолада Ўзбекистоннинг Тожикистон билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга қаратилган интилишларига юқори баҳо берилади. Мисол сифатида икки томонлама алоқаларда транспорт коммуникациясини йўлга қўйиш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш сингари ижобий жараён суръати тилга олинади.
«Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган қизғин чора-тадбирлар минтақадаги бошқа давлатларнинг эътиборидан четдан қолмаяпти. Улар томонидан Тошкент олиб бораётган яхши қўшничилик сиёсати қўллаб қувватланмоқда» - деб ёзади И.Берман.
Қўшма Штатлар анъанавий равишда Евроосиё маконини хавфсизликка таҳдиддан сақловчи қалқон ҳудуди зонаси, минтақанинг ҳукмрон давлатлар билан муносабатларда «савдо» объекти ва рақобат майдони, деб қарарди. Бироқ минтақадаги воқеаларнинг ривожи, экспертнинг фикрича, “Вашингтон учун собиқ иттифоқ таркибида бўлган маконни геосиёсий марказ деб билиш ва Марказий Осиё давлатлари билан қандай муносабатлар ўрнатиш тўғрисида ўйлаб кўрадиган фурсат етиб келди”.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги