Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон темир йўллари: янги лойиҳалар ва замонавий хизмат

2017-08-10 | Иқтисодиёт

Истиқлол йилларида мамлакатимиз темирйўлчилари томонидан 1 минг 100 километрдан зиёд пўлат излар ётқизилди, 4 минг километрлик темир йўл магистраллари модернизация қилинди. 16 янги темир йўл вокзали бунёд этилди, 49 замонавий электровоз харид қилиниб, 120 локомотив модернизация қилинди.

Бугун темир йўл тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами жуда кенг. Энг асосийси, юртимизнинг Шарқ ва Ғарбни, Жануб ва Шимолни боғлайдиган транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятидан унумли фойдаланаётган «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан бажарилаётган ишлар миллий иқтисодиёт тараққиёти бардавомлиги ҳамда аҳоли турмуш тарзининг муттасил фаровонлашувига хизмат қилмоқда. 

Пойтахтимизда ўтказилган халқаро пресс-клубнинг навбатдаги – «Ўзбекистон темир йўллари: янги лойиҳалар ва замонавий хизмат» мавзуидаги сессияси соҳа масъулларига тармоқда қўлга киритилаётган шу сингари ютуқлар, истиқболдаги вазифалар, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожидаги ўрнини кенг жамоатчиликка етказиш баробарида халқ билан очиқ-ошкора мулоқот қилиш, фуқароларнинг соҳага оид саволларига батафсил жавоб қайтариш, таклиф ва шикоятларини тинглаш имкониятини яратиб берди. 

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосарлари Д.Деҳқонов ва О.Худойқулов, «Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли» лойиҳаси раҳбари Н.Эркинов, соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи Т.Матибаев ҳамда тармоқнинг бошқа мутасаддилари журналистлар ҳамда фуқароларнинг саволларига жавоб берди. 

Жорий йилда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан 11 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бухоро – Мискин йўналишида янги темир йўлини қуриш ишлари давом этмоқда. Урганч – Хива йўналишида темирйўлчилар пўлат изларни ётқизиш ишлари билан чекланмай электрлаштириш билан ҳам шуғулланмоқда. Бу яқин истиқболда юқори тезликдаги йўловчи поездлари қатновини Хоразм вилоятигача етказиш имконини беради. 

Умумий узунлиги 325 километрдан иборат Қарши – Термиз йўналишидаги темир изларни электрлаштириш ишлари ҳам авжида. Ҳозирги пайтда бу йўналишнинг 183 километри тўлиқ электрлаштирилди. 

Президентимиз ташаббуси билан Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарларини боғловчи электр поездлари қатнови йўлга қўйилди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ушбу йўналишлар учун 5 электричка модернизация қилиниб, вагонларга кондиционер, замонавий ўриндиқлар ўрнатилди. 

Темирйўлчилар мамлакатимиздаги мураккаб қурилиш иншоотларини барпо этишда ҳам пешқадамлик қилаётир. Жорий йилда пойтахтимизнинг Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишмасида автомобиль йўл ўтказгичини қисқа фурсатда қуриб, кўприксозлик борасидаги улкан маҳоратини яна бир бора намойиш этган темирйўлчилар ҳозирги пайтда Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишини кенгайтириш, Сергели йўналишини бунёд этиш устида иш олиб бормоқда. 

Сессияда темир йўл вокзалларини реконструкция қилиш, уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берилаётгани қайд этилди. Хусусан, ҳозирги пайтда Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзални қайта қуриш, Хива ва Наманганда ҳам шу турдаги замонавий иншоотларни бунёд этиш ишлари кетмоқда. 

Темир йўл транспортида йўловчи ташиш ҳажмининг ортиб бораётгани кўрсатилаётган хизматларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан вагон кузатувчиларининг иш фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилаётганларга тегишли чоралар кўрилмоқда. Чипта харид қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилиши натижасида бугунги кунга қадар 20 мингга яқин йўловчи чипталарни электрон тарзда сотиб олган.

 

Беҳзод Бозоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться