Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мустақил тараққиётимизнинг қудратли намойиши

2017-07-18 | Иқтисодиёт

Ўзбекистонда биринчи автомобиль ишлаб чиқарилганига 21 йил тўлди.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрамига “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” бош ғоя остида қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда мамлакатимиз автомобилсозлик саноати ривожига бир назар ташладик... 

Бундан чорак аср муқаддам тез орада мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар йўлларимизни тўлдириб юради, деса, биров ишонмасди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қисқа фурсатда қурилган автомобиль заводи мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Ўзбекистон дунёда ўз автомобиль саноатига эга саноқли мамлакатлардан бири бўлиш билан бирга, бу тармоқни муттасил ривожлантириб бормоқда. 

Асака автомобиль заводида дастлаб “Damas”, “Nexia” ва “Tico” русумли автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2008 йилда мазкур завод негизида “GM Uzbekistаn” қўшма корхонаси ташкил этилди. Бу мамлакатимиз автомобилсозлик саноатининг янги даврини бошлаб берди. Бугунги кунда Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилаётган “Spark”, “Laсetti”, “Cobalt”, “Orlando”, “Сaptiva”, “Labo”, “Malibu” каби халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий автомобиллар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам харидоргир. 

Ўтган йилдан эътиборан Т-250 лойиҳаси доирасида “Еvro-5” талабларига мос “Ravon” бренди остидаги дастлабки “Neхia-R3” автомобиллари харидорларга етказиб берила бошланди. Италия технологияси асосида метан газига мослаштирилган “Laсetti” ишлаб чиқариш бўйича дастлабки қадам қўйилди. 

– Корхонамизнинг бош шиори – харидорлар талаб ва истагидан келиб чиққан ҳолда, хавфсиз ва қулай замонавий русумдаги автомобиллар ишлаб чиқариш, – дейди “GM Uzbekistan” АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов. – Шу мақсадда янги русумдаги моделларни жорий этиш устидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига халқимизга янги русумдаги автомобилларни тақдим этишни режалаштирганмиз. 

Заводда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўнлаб халқаро стандартлар билан тақдирланган “GM Uzbekistan” АЖ автомобиллари дастлаб Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Грузия, Туркманистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон ва Молдова каби 10 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинган бўлса, ҳозир улар сафига Гана, Кот-д’Ивуар, Иордания, Ливан, Габон, Ливия, Кабо-Верде, Ироқ, Сенегал, Нигерия, Мадагаскар, Афғонистон, Тожикистон каби давлатлар ҳам қўшилган. Экспорт географиясини янада кенгайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда. 

Йилига 300 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга “GM Uzbekistan” АЖда бугунги кунда 10 мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 70 фоизи ёшлардир. 

– Ёш мутахассислар малакасини ошириш доимий эътиборда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “GM Uzbekistan” АЖдаги бошланғич ташкилоти етакчиси Дониёрбек Расулов. – Ўтган даврда 400 дан ортиқ ёш мутахассислар хориждаги йирик автомобилсозлик заводларида малака ошириб қайтди. Ёш ходимларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни уй билан таъминлаш, тизим йўналишидаги олий ўқув юртларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга имтиёзли кредитлар ажратиш каби ишлар ҳам доимий эътиборда. 

Миллий автомобилларимизнинг ички бозорда сотувини йўлга қўйишда ҳам харидорларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 майдаги “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нархлар шаклланишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шу йилнинг 1 июнидан бошлаб “GM Uzbekistan” АЖнинг барча автомобиль моделларини ички бозорда миллий валюта – сўмга сотиш йўлга қўйилди. 

Қарорда ташқи бозор ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар турини янада диверсификация қилиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, янги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш ҳисобидан импортнинг улушини камайтириш ва маҳсулотлар таннархини пасайтириш кўзда тутилган. 

Ички бозорда автомобилларни сотиш бўйича электрон база шакллантирилган. У 2 босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда харидорлардан электрон аризаларни қабул қилиш ва электрон навбат йўлга қўйилган бўлиб, иккинчи босқичда ягона портал орқали шартномалар расмийлаштирилади. 

– Дастлаб 2010 йилда янги “Nexia” сотиб олгандим, 6 йил ҳайдадим, ишонсангиз бир жойи тиқ этмади, зўр машина, – дейди тадбиркор Ҳаққул Ражабалиев. – Яқинда “Cobalt” олдим. Электрон рўйхатга ёзилгандим, кўп ўтмай ўзлари телефон қилишди, керакли ҳужжатларни расмийлаштириб олиб келдим. 

Мамлакатимизда автомобилсозлик ривожи йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги заводларда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, махсус транспорт воситалари турлари бугун 100 дан ошиб кетди. 

Бу, ўз навбатида, уларга бутловчи қисмлар етказиб беришни талаб қилади. Шу мақсадда ташкил этилган қўшма корхоналар автомобилларимиз учун бутловчи қисмлар етказиб беришни йўлга қўйган. 

Андижон вилоятида автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 30 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро талаб ва меъёрларга жавоб бериши, юқори сифати билан харидоргир бўлиб бормоқда. 

“O’zErae Climate Control” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида автомобиллар учун совутиш радиаторлари, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш модуллари ишлаб чиқарилмоқда. 

– Ўтган йили 21 миллиард 705 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди, – дейди қўшма корхона бош директори Нодиржон Аҳмедов. – Маҳсулотларимизга талаб хорижда ҳам ортмоқда. Шу боис 2016 йилнинг июль ойидан ҳамкорлик келишувига асосан Россияда ишлаб чиқарилаётган “УАЗ Патриот” автомобили учун иситиш радиаторлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ўтган қисқа даврда 15 минг 300 дона иситиш радиатори тайёрланиб, Россияга экспорт қилинди. 

Мамлакатимиз автомобилсозлик саноатида янги давр бошланмоқда. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 июндаги “Хорижий инвестициялар иштирокидаги “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топди. 

Айни кунларда “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси “Пежо Ситроен” гуруҳи билан ҳамкорликда барпо этаётган автомобиль заводининг қурилиши қизғин паллада. 

– Янги заводда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган «Peugeot» ва «Citroеn» енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади, – дейди “Пежо Ситроен” гуруҳи вице-президенти Кристоф Бержеран. – Қўшма корхонанинг устав капитали 30 миллион евро. Лойиҳани амалга оширишга умумий қиймати қарийб 130 миллион евролик инвестиция жалб этилаётир. 2019 йилда корхона маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди ва йилига 16 минг дона замонавий автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Маҳсулот ички бозордан ташқари яқин ва узоқ хориж давлатларига ҳам экспорт қилинади. 

Мухтасар айтганда, юртимизнинг кенг ва равон йўлларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган чиройи ва сифати ҳавас қилгулик автомобиллар ярашади.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться