Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаракатлар стратегияси тарғиботига оид семинар
2017-06-30 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ва Олмазор тумани кенгаши ҳамкорлигида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини тиббиёт ходимларига тушунтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Н.Йўлдошева ва бошқалар Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижтимоий соҳани ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасалари қулайлигини таъминлаш, таълим сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлаётганини таъкидлади.
Ҳаракатлар стратегиясидаги бешта устувор йўналишнинг тўртинчи йўналиши ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, мамлакатимизнинг олис ҳудудларини ҳам электр энергия, газ билан таъминлашни янада яхшилаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги нуфузини ошириш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълимни сифат жиҳатдан янада яхшилаш каби вазифаларни ўз ичига олади.
– Юртимизда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, жамиятимизда ҳар томонлама соғлом оилаларни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Олмазор тумани 3-туғруқ комплекси бош шифокори ўринбосари Дилафруз Сагдиева. – Давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимлари билан ҳар учрашувида бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинмоқда, зарур топшириқлар берилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси тиббиёт соҳасини изчил ривожлантириш, соҳа ходимларининг касб малакаси ва масъулиятини янада оширишда ҳам муҳим дастуриламал бўлаётир. Бугунги семинарда Ҳаракатлар стратегиясининг мақсад ва вазифалари, мазмун-моҳиятини янада теранроқ тушуниб олдик.
Семинарда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар аҳоли турмуш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқаётгани, “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани қайд этилди.
Манба: ЎзА