Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайёр қабул жараёни янги босқичда
2017-06-22 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ташкил этаётган сайёр қабулларнинг навбатдаги босқичида соҳалар бўйича мурожаатларга ечим изланмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 20-21 июнь кунлари М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳар филиалида ташкил этилган сайёр қабулда пойтахт аҳолисининг уй-жой, коммунал, ободонлаштириш, қишки мавсумга тайёргарлик ва бандлик масалаларига оид мурожаатлари кўриб чиқилди.
Очиқ мулоқотда Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Марказий банк, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш, “Ергеодезкадастр”, Автомобиль йўллари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари қатнашди.
Сайёр қабулда жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган ҳар бир мурожаат давлатимиз раҳбарининг шахсан назоратида экани, бундай сайёр қабуллар одамларни қийнаётган муаммоларни қонун доирасида самарали ҳал этишда таъсирчан воситага айлангани таъкидланди.
– Жорий йилнинг 16 июнига қадар Президентимизнинг Тошкент шаҳри ва туманлардаги Халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 10 минг 46 мурожаатнинг 88,5 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Баҳодир Зокиров. – Мурожаатларнинг 1 минг 780 дан ортиғи уй-жой, 1 минг 140 га яқини қурилиш ва коммунал соҳа масалаларига оид. Таҳлиллар маҳаллий давлат идоралари мутасаддилари фаолияти самарадорлигини ошириш учун нималарга кўпроқ эътибор бериш лозимлигини кўрсатмоқда.
Сайёр қабулда уй-жой, коммунал, ободонлаштириш ва бандлик масалалари бўйича мурожаатларни ўрганиш, муаммолар муҳокамаси, фуқаролар ва масалага бириктирилган мутасадди идоралар вакиллари учун юзма-юз мулоқотлар ўтказишда махсус хоналар ташкил этилди.
– Бектемир тумани Бинокор маҳалласидаги айни пайтда яшаб келаётган уй-жойимизнинг кадастр ҳужжатларидаги камчиликларини тўғрилашда ишимиз ортга сурилавергач, Президентимизнинг Халқ қабулхонасига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим, – дейди Сайёра Холбекова. – Бугун мутахассислар бу борада тушунтиришлар берди. Мутасаддилар уй-жойимиз билан боғлиқ зарур ҳужжатларни қабул қилди. Икки кунда муаммони ҳал қилиб берадиган бўлишди.
– Сергели тумани Дарёбўйи маҳалласида жойлашган 33-уйда яшайман, – дейди Муҳаббат Ёдгорова. – Уйимизнинг тўртинчи қаватида яшаётган аҳоли, мана етти-саккиз йилдирки, ичимлик суви билан боғлиқ муаммодан азият чекади. Кечаси жилдираб келган сувга идишларни тўлдириб оламиз. Мутасаддиларнинг айтишича, етарлича босим йўқлиги сабабли сув юқори қаватга кўтарилмаётган экан. Туманимизда мана шу масала билан шуғулланадиган ташкилотларнинг ҳаммасига мурожаат қилдик, лекин натижа йўқ. Сайёр қабулда дардимизни эшитиб, эртагаёқ махсус комиссия вазиятни ўрганишга боришини айтишиб, масалани тез кунларда ижобий ҳал қилишга ваъда беришди.
Мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти бир неча йўналишлар, мутасадди идоралар ҳамкорлигида ҳал қилиниши лозимлиги ойдинлашади. Сайёр қабулга Учтепа туманидан келган Дилбархон Раҳимованинг моддий ёрдам ҳамда келини учун доимий иш сўраб қилган мурожаати ҳам Хотин-қизлар қўмитаси ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ҳал этилди.
– Дилбархон Раҳимованинг оилавий шароити билан танишдик: она иккинчи гуруҳ ногирони, кўзи ожиз ўғлини ёлғиз ўзи катта қилиб, уйлантирган, охирги пайтларда рўзғорда моддий қийинчиликлар сезилмоқда, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова. – Ўзи ишлаб, бир-икки сўм даромад қилай деса, куч-ғайрати олдингидай эмас. Келини ҳам қаердан иш топмасин – уйдан узоқда, кун давомида банд бўлишни талаб қилади. Оила аъзоларини касаначилик асосида иш билан таъминлаш режамиз борлигини айтганимизда, уларга маъқул тушди. Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларидан бу оилага мос иш топишга бугуноқ киришди.
Юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотлар асносида қатор муаммоларга ечим топилди. Қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни зиммасига олди.
Манба: ЎзА