Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Баркамол авлод"дан халқаро спорт майдонига
2017-06-07 | Спорт
Италияда сузиш бўйича ўтказилган анъанавий халқаро турнирда спортчиларимиз муносиб иштирок этди. Улар орасида яқинда Жиззах вилоятида бўлиб ўтган "Баркамол авлод – 2017" спорт ўйинлари ғолибларининг борлиги қувонарлидир.
Бу мамлакатимизда жорий қилинган уч босқичли узлуксиз спорт тизими – "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинларининг ёшларимизни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, халқаро майдонлардаги нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётганидан далолат.
Рим шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирда “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари ғолиби Артём Козлюк 200 метрга баттерфляй усулда сузишда 2 дақиқаю 01,07 сония натижа билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва мазкур халқаро турнирнинг рекордини янгилади. Иқтидорли спортчимиз 50 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсида ҳам тенгсиз эканини исботлади. У белгиланган масофани 24.45 сонияда сузиб ўтиб, олтин медалга сазовор бўлди. 100 метрга баттерфляй усулида сузишда эса 54,04 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.
“Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларида ўз маҳоратини намойиш этиб, бир неча йўналишда ғолиб бўлган Алексей Тарасенко ҳам турнирда муваффақиятли қатнашди. У 50, 100 ва 200 метрга эркин усулда сузиш бўйича баҳсларда учта кумуш медаль билан тақдирланди.
Терма жамоамиз етакчиларидан бири Хуршиджон Турсунов 100 ва 200 метрга эркин усулда сузиш бўйича баҳсларда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва иккита олтин медални қўлга киритди. Унинг ҳар икки йўналишда қайд этган натижаси халқаро турнирнинг янги рекорди сифатида эътироф этилди.
Шу тариқа спортчиларимиз мазкур турнирда 4 олтин ва 4 кумуш медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилишича, мазкур турнир спортчиларимиз учун жорий йилнинг 14-23 июль кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Жаҳон чемпионатида Хуршиджон Турсунов, Алексей Тарасенко, Артём Козлюк ва Даниил Букин Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Манба: ЎзА