Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2017-05-23 | Сиёсат
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Абдусалом Азизов ва Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойидаги Россия Федерациясига давлат ташрифида эришилган келишувларни амалга ошириш ва вазирликлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учун яхши имконият экани таъкидланди.
Россия делегациясига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимиз Ички ишлар вазирлиги тузилмалари ислоҳ этилаётгани, маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун тизимнинг қуйи бўғинлари мустаҳкамланаётгани, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида ҳафтанинг пайшанба куни профилактика куни, деб эълон қилингани қайд этилди.
Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мукаммал тизим яратилгани, манзилли профилактика ишлари жиноятчиликни камайтиришда муҳим ўрин тутаётгани, профилактика инспекторлари ва жамоатчилик ташкилотлари, хусусан, маҳалла ўртасидаги яқин ҳамкорлик ижобий самаралар бераётганини юқори баҳолади. Бу тажрибани ўрганиш, бошқа мамлакатларда ҳам татбиқ этиш фойдали бўлишини қайд этди.
Учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотрафикка қарши курашиш ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўртасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорликка оид ҳужжат имзоланди.
Россия делегацияси аъзолари ташрифнинг дастлабки кунида Самарқандда бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Пойтахтимизнинг Олмазор тумани ички ишлар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишди.
Манба: ЎзА