Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон маданий мероси – тарих зарварақларида

2017-05-16 | Маданият

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Медиа-холл» мажмуасида 15 май куни “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусида халқаро илмий-маданий конгресс бошланди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, Фанлар академияси, Бадиий академия, ЮНЕСКО ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Германия, Нидерландия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Польша, Франция, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан олимлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этмоқда. 

Ўзбекистонда бой маданий меросни асраш ва ўрганиш, халқимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссасини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов, маданият вазири М.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи К.Пиккат, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Томас Кунце ва бошқалар шу ҳақда сўз юритди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида маданият, илм-фан, адабиёт ва санъат соҳалари бўйича ҳам улкан мақсадлар белгиланган. 

Ўзбекистон бой маданий мероси, маънавий қадриятлари, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари билан инсоният тамаддунига салмоқли ҳисса қўшган. Бу улкан мерос мамлакатимиздаги юзлаб музейлар, илмий-тадқиқот институтлари, галереялар ва архивларда асраб-авайлаб келинмоқда. 

– Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон бой маданий меросга эга мамлакат, – дейди Криста Пиккат. – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзнинг тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистон номоддий мероси билан ҳам фахрланса арзийди. Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган барҳаёт анъаналар – Шашмақом, Катта ашула, Наврўз, Аския ва Бойсун маданий мероси ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган. Ташкилотимизнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорликда ўз ваколати доирасига кирадиган соҳаларда кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Йўлга қўйилган ишончли муносабатлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Ватанимиз маънавий меросининг яна бир салмоқли қисми чет эллардаги музейлар, хусусий коллекционерлар фондидан жой олган. Жумладан, Термиз яқинидаги Айритом шаҳарчаси ҳудудидан топилган Айритом фризи Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи қадимий буддавийлик санъати тўпламининг ифтихори саналади. Стокгольмдаги Халқ санъати музейи фондида XIX аср охири – XX аср бошларида Тошкент, Самарқанд, Фарғона шаҳарларидан йиғилган Ўзбекистон амалий санъатининг ниҳоятда бой коллекцияси – бадиий ишлов берилган металл ва сопол буюмлар сақлаб келинмоқда. Япониянинг Осака шаҳридаги Миллий этнология музейида “Ўзбекистон бурчаги” ташкил этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Унга Сурхон воҳасининг тарихий ёдгорликларида узоқ йиллар изланишлар олиб борган япониялик археолог олим Кюдзо Като асос солган. 

Москва, Санкт-Петербург, Лондон, Париж, Венеция, Генуя, Берлин, Стокгольм, Қоҳира, Теҳрон, Истанбул ва дунёнинг бошқа шаҳарлари кутубхоналари ва музейларида ҳам кўплаб қўлёзмалар, қадимий битиклар, мактублар, амалий санъат буюмлари ва бошқа осори-атиқалар сақланмоқда. 

Ушбу тарихий бойликни излаб топиш ва халқимизга етказиш мақсадида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” медиа-лойиҳаси амалга оширилмоқда. Халқаро анжуманда мазкур лойиҳанинг тақдимоти бўлди. “Ўзбекистон маданий мероси” китоб-альбоми тақдим этилди. “Шарқ давлат музейи тўплами” (Москва), “Россия Этнография музейи тўплами” (Санкт-Петербург), “Третьяков давлат галереяси тўплами” (Москва), “Ўзбекистон гилам ва кашталари дунё тўпламларида” (Россия, АҚШ, Канада, Австралия) ҳамда “Алишер Навоий асарлари Россия миллий кутубхонаси тўпламларида”дан (Санкт-Петербург) иборат беш томлик мазкур китоб-альбом ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр қилинган. 

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон ўзининг қадимий тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, қадриятлари, кўплаб тарихий-меъморлик ва маданий ёдгорликлари билан бутун дунёга донг таратганини алоҳида қайд этди. 

Германиянинг Саксония федерал ери парламенти раиси Матиас Ресслер ўз видео-мурожаатида ушбу медиа-лойиҳа ва тўпламлар Ўзбекистон маданий меросини дунёга кенгроқ ёйиш, халқлараро маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Германия Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча йўналишлар қатори маданият соҳасида ҳам изчил ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. 

Анжуман доирасида нашр этишга тайёрланаётган “Ўзбекистон мусиқий мероси”, “Давлат Эрмитажи тўплами”, “Давлат тарих музейи тўплами”, “Шарқ қўлёзмалари институти тўплами”, “Ўзбекистон гиламдўзлиги: асрлар оша сақланган анъаналар” китоб-альбомларнинг лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлди. Уларни тайёрлашда мамлакатимизнинг таниқли олимлари, санъатшунослари, мусиқашунос ва шарқшунослари иштирок этмоқда. 

Халқаро экспертларнинг фикрича, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси қамрови бўйича дунёда ўхшаши йўқ лойиҳа ҳисобланади. Китоб-альбомларни нашрга тайёрлаш жараёнида Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган энг яхши артефактларни тўплаш ва умумлаштириш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилган. Улар орасида археология, кулолчилик, металл буюмлар, нумизматика, тўқимачилик, заргарлик санъати ва тасвирий санъат буюмлари бор. 

– Музейимиз бир неча йилдан буён “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасини амалга оширишда мамлакатингиз олимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди Бутунроссия амалий-декоратив ва халқ санъати музейи директори Елена Титова. – Мазкур йирик лойиҳа доирасида ўтган йили музейимизда “Ўзбекистон маданий мероси бойликлари” номли кўргазма ўтказилди. Ушбу лойиҳа қамрови янада кенгайишига, уни давом эттириш, янги ишланмалар ва нашрлар тайёрлаш устида ишлаётган халқаро мутахассислар сафи кенгайишига ишончим комил. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 10 майдаги фармони билан илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун ЎзФА Санъатшунослик институти бўлим бошлиғи, академик Эдвард Ртвеладзе “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Конгресс иштирокчилари “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” медиа-лойиҳаси илмий раҳбари, йирик тарихчи-археолог олим Эдвард Ртвеладзени ушбу юксак мукофот ва таваллудининг 75 йиллиги билан қутлади. 

– Президентимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини мустаҳкамлаш, олимлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратмоқда, – деди Эдвард Ртвеладзе. – Халқаро мутахассислар ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа кўп йилларга мўлжалланган. Бу Ўзбекистон халқининг бой ва нодир маданий-тарихий меросини янада кенгроқ тарғиб этишга хизмат қилади. 

Конгресснинг биринчи иш кунида Ўзбекистон ҳудудида турли маданиятлар ва бадиий анъаналар, дунё тўпламларида Ўзбекистон санъати ва артефактларига бағишланган маърузалар тингланди. 

Шу куни Ўзбекистон маданияти ва санъатини кенг ёритишга ихтисослашган “Караван ТВ” телеканали тақдимоти бўлиб ўтди. “Журналистлар баҳори” анъанавий медиа-фестивали, мамлакатимиз турли ҳудудларининг ўзига хос миллий таомлари намойиши ва палов танлови ўтказилди.

 

Нодира Манзурова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться