Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар мужассам.
Ушбу ҳужжатлар ижроси юзасидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табриги, 2 миллион сўмдан пул мукофоти, навбатсиз машина олиш учун сертификат топширилди, эҳтиёжмандларга уй берилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Бадиий академия, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказилди. Бундай хайрли ишлар давом этмоқда.
9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар келган.
Соат 9.30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келади.
Давлатимиз раҳбари ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Мотамсаро она ҳайкали пойи турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан қўйилган гулларга бурканди.
Шу куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти боғида Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 72 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 500 нафар уруш ва меҳнат фахрийси таклиф этилди.
Боғ байрамона безатилган. «9 май – Хотира ва Қадрлаш куни», «Ғалаба байрамингиз муборак бўлсин!», «Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!», «Ватан ўз қаҳрамонларини унутмайди» каби шиорлар ёзилган.
Боғ ичидаги майдонда 1941-1945 йиллардаги муҳит акс этган. Окоп ва блиндажлар қурилган, ўша давр ҳарбий техника воситалари, қурол-аслаҳа намуналари жойлаштирилган. Жанг майдонларида халқимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, урушдан қайтмаган минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, ота-боболаримизнинг фронт орти меҳнат фаолияти акс этган.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли ижросида мусиқа янграмоқда...
Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.
Чорлов мусиқаси янграйди.
Президент Шавкат Мирзиёев минбарга таклиф этилади.
Давлатимиз раҳбари бу ерга йиғилганларни, бутун халқимизни 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан табриклади.
Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган, шундан 1,5 миллион киши урушда қатнашган. Улардан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлгани, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол намоён бўлади.
Халқимиз уруш йилларида чинакам матонат ва жасорат кўрсатган. Ўзбекистонга бир миллионга яқин киши эвакуация қилинган. Уларнинг 200 мингдан зиёди болалар бўлган. Юзлаб ўзбек оилалари бу болаларни ўз паноҳига олган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
– 20 ёшимда урушга кетдим, 2-Беларусь фронтида хизмат қилдим, – дейди хоразмлик Марат Ёмғуров. – Ҳозир 97 ёшдаман. Бугунги байрам, Президентимизнинг эътибори кўнглимизни тоғдек кўтарди, ёшимизга ёш қўшди. Хизматдош дўстларимизни кўриб, ёшлигимиздаги қўшиқларга ўйнаб маза қилдик. Бизнинг бундай тетиклигимиз замонамизнинг тинчлигидан, юртимизнинг ободлигидан. Шундай кунларга етказганига шукр. Илоҳим, элимиздан меҳр-оқибат, аҳиллик аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин!
Саҳнада ва улкан мониторда Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёт акс эттирилган.
...Ўзбекистон халқ артисти Тамарахоним ижро этган «Санамо» қўшиғи янграйди.
Уруш даврининг машҳур сухандони Юрий Левитаннинг уруш бошлангани тўғрисидаги эълонни ўқиган овози янграйди. Йигитлар Ватан ҳимоясига отланади. Саҳна ортидаги улкан мониторда Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тасвирланади.
– Байрам тантаналарида мустақиллик йилларида ҳаётимиз дастурига айланган инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ деган маъно-мазмун мужассам бўлгани барчамизни қувонтирди, – дейди Шайхонтоҳур тумани Янги шаҳар маҳалласи фаоли Рихсивой Орипов. – Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз кўрсатган қаҳрамонликлар, ота-боболаримизнинг жасорати ва матонати куй-қўшиқларда, бадиий чиқишларда тараннум этилди. Мамлакатимиз вилоятларидан келган отахонлар дўстлари билан дийдорлашиб, ўтган умрини ёдга олди, бугунги ҳаётимизга шукроналик билдирди.
1941-1945 йиллардаги урушда ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган юзлаб юртдошларимиз ҳам юксак унвонларга сазовор бўлган. Минглаб ота-боболаримиз бу йўлда ўз жонини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонлиги қалбларимизга фахр туйғусини бағишлайди. Ўтганларнинг хотирасига бош эгиб таъзим қиламиз, ҳаёт бўлганларини эъзозлаймиз.
Байрам дастурида марҳум шоир ва санъаткорларимизнинг шеър ва қўшиқларига кенг ўрин берилгани Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятига мос тушган. Атоқли шоирлар Ҳамид Олимжоннинг "Қўлингга қурол ол", Ғафур Ғуломнинг "Сен етим эмассан", Абдулла Ориповнинг "Аёл" шеърлари, Эркин Воҳидовнинг "Нидо" достонидан парчалар ўқилганда қалблар ларзага келди.
...Ўзбекистон халқ артисти Лутфихоним Саримсоқова ижро этган «Уйғон, болам» қўшиғи янграйди.
...Уруш тугаб, ғалабага эришилгани эълон қилинади. 72 йил олдинги бу қувонч, сурур тадбир иштирокчиларини ҳам ҳаяжонга солди.
Мустақиллик йилларида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти фахрийларини эъзозлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган улкан ишлар акс этган лавҳалар намойиш этилди.
– Биз бахтли авлодмиз – шундай тинч-осойишта мамлакатда яшаяпмиз, – дейди Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўқитувчиси Лилия Усмонова. – Бунда бобо-бувиларимизнинг, барча нуронийларимизнинг ҳиссаси беқиёс. Президентимиз таъкидлаганидек, уларга ғамхўрлик қилиш, умрларини узайтириш учун барча шароитларни яратиш ҳаммамизнинг фарзандлик бурчимиздир.
– Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 72 йиллигига бағишлаб ўтказилган бугунги тадбир катта таассурот қолдирди, – дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Муваққат ишлари вакили Жанг Венчуан. – Унда ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган салмоқли ҳиссаси таъсирли воситаларда ифодаланган. Ўзбекистон ва Хитой ҳамиша тинчлик тарафдори бўлиб, бу борада халқаро доирада бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Биз бу муносабатларни ғоят қадрлаймиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонамиз.
Уруш йилларининг ситамли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий тадбир қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
Сарвар Ўрмонов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА