Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Онлайн-маркетинг ривожланмоқда
2017-04-27 | Технологиялар
Пойтахтимизда онлайн-маркетинг ва интернет тармоғида товар ва хизматларни таклиф этишга бағишланган “Ucenet – 2017” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази, “Ledokol Group” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистондан телекоммуникация ва реклама соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда бугун мамлакатимизда 12 миллиондан ортиқ интернетдан фойдаланувчи ва 21 миллиондан зиёд мобиль алоқа абонентлари рўйхатга олингани ва уларнинг аксарияти мобиль интернет хизматларидан фойдаланаётгани таъкидланди.
“Ledokol Group” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Музаффаровнинг айтишича, ўз товар ва хизматларини интернет орқали таклиф этаётган реклама берувчилар сони йил сайин кўпаймоқда. Бу ўзига хос йўналиш бўлиб, маркетинг соҳасидаги анъанавий ёндашувларни ўзгартирмоқда. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар янги реклама воситаларига эга бўлаётир, UZ доменига янги портал ва сайтлар қўшилиб, янада ривожланмоқда.
Онлайн-маркетинг яқинда пайдо бўлганига қарамасдан мамлакатимизнинг кўплаб компания ва корхоналари ушбу хизмат туридан самарали фойдаланмоқда. Анжуманда веб-ресурслар ва ижтимоий тармоқлар орқали товар ва хизматларни таклиф этишга ихтисослашган мамлакатимиз ва хорижий маркетологларнинг тажрибаси ҳақида сўз юритилди.
Анжуман доирасида ташкил қилинган маҳорат сабоқларида веб-ресурслардан фойдаланувчилар эътиборини жалб қилишга хизмат қиладиган ўзига хос реклама баннерларини яратиш усуллари, мамлакатимизда ишлаб чиқилган “CLICK” мобиль банкинг тизими янги хизматлари ва имкониятлари намойиш этилди.
Манба: ЎзА