Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адолат ва ҳақиқат кучи

2017-04-20 | Жамият

Жорий йилнинг 17 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига пойтахтимизнинг Олмазор туманидан 17 минг 436 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 15 минг 733 таси кўриб чиқилган, 1 минг 703 мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида. Албатта, қатор мурожаатларга ечим топилган, бироқ ҳали тўла ҳал қилинмаган шикоятлар ҳам анча.

Бу жараёнда мурожаатларга самарали ечим топиш борасида муайян ишлар қилинган, аммо баъзи раҳбарлар аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Туман аҳолисидан келган мурожаатларнинг 7 минг 532 таси бевосита Олмазор тумани ҳокимлиги ваколатига тааллуқли. Аммо туман ҳокимлигида мурожаатлар билан ишлаш тўғри ташкил этилмаган, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилишга юқори малакали кадрлар жалб қилинмаган, таҳлил ишлари етарлича йўлга қўйилмаган. Оқибатда 416 мурожаат белгиланган ижро муддатида кўриб чиқилмаган, шундан 126 таси 2016 йилдан бери муаллақ осилиб турибди. Ўтган даврда кўриб чиқилган мурожаатларнинг 5 минг 430 тасига ўз муддатидан кечикиб жавоб хати берилган. 

Шу йилнинг 18 апрелида Олмазор туманида ташкил этилган сайёр қабулда туманда мурожаатлар билан ишлаш, одамлар қалбига йўл топиш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларига ечим излаш борасидаги ишлар таҳлил этилиб, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар кескин танқид қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ташкил қилган очиқ мулоқотда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, марказий идора ва ташкилотлар, банк-молия муассасалари раҳбарлари, пойтахтимиз ва Олмазор тумани ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни ҳал қилишга киришди. 

Очиқ мулоқотда бир жиҳат ойдин бўлди: мурожаатлар тўла-тўкис ўз ечимини топиши учун барча мутасадди бир ёқадан бош чиқариб ишлаши шарт. Бунда фуқароларнинг ўзига ҳам кўп нарса боғлиқ. 

Фарғоналик Мухтасар Маҳмудова олмазорлик Шуҳрат Аҳмедов билан фақат шаръий никоҳ асосида бирга яшаган. Икки фарзанди бор. Айтишича, эри руҳий касаллар шифохонасига ётқизилган, оилавий келишмовчилик туфайли у фарзандлари билан уйдан кўчага қувилган. Олти ёшли қизи Нилуфар ҳам мактабгача таълим муассасасидан ҳайдаб юборилган. Аёл эрини руҳий касаллар шифохонасидан топа олмаяпти, эрининг уйига ҳам киролмаяпти. 

Сайёр қабулда мутасаддиларга бу аёлни эрининг уйига вақтинча киритиш, яраштириш борасида барча ишни қилиш бўйича топшириқлар берилди. 

– Аввало, шунча тушунтириш-тарғибот ишларидан сўнг ҳам фақат шаръий никоҳ асосида турмуш қуриш ҳоллари мавжудлиги жуда ачинарли, мана шундай вазиятларда бу бизни жуда чигал аҳволга солиб қўяди, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова. – Ҳозир бу аёл эрининг уйига вақтинча киритилади, сўнг турмуш ўртоғини топиб, гаплашиб кўрамиз. Улар қонуний никоҳдан ўтса, аёл шу асосда эрининг уйига доимий прописка қилинади. Шунда бу масалага ҳуқуқий ечим топилади, бироқ оиладаги маънавий муҳитни соғломлаштириш масаласида ҳали анча иш қилишимиз керак. 

Олмазор тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Дониёр Султоновнинг айтишича, М.Маҳмудованинг қизи тез кунда оиласига қулай мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилади. 

Бир неча йил аввал Тошкент тиббиёт академияси балансидаги Олмазор тумани Шифокорлар-2 кўчасида жойлашган уй академия ходимларига яшаш учун берилган. Бу уйда яшовчилар – Жамшид Алламуродов, Гулбаҳор Раҳмонова, Зилолахон Эргашеванинг айтишича, уларга мазкур уй «Камолот» ЁИҲ ва касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотлари тавсияси асосида қонуний ажратилган. Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Олмазор тумани ҳокимлигининг даъвоси асосида уларга мазкур уйни бериш ҳақидаги ҳужжатни бекор қилган. 

– Шу йилнинг 31 март куни суд ижрочилари ўн кунлик боламиз билан бизни кўчага ҳайдади, – деди Жамшид Алламуродов. – Шундан бери ҳали у, ҳали бу танишларнинг уйида яшаб юрибмиз. 

Сайёр қабулда Олий суд мутасаддилари бу масала назорат тартибида тезда қонуний кўриб чиқилиб, адолатли якуний қарор қабул қилинишини маълум қилди. Суд якуний қарорни айтмагунча бу уйда яшовчиларни, айниқса, чақалоғи бор оилани уйдан қувиб чиқариш оддий инсонийлик мезонларига ҳам тўғри келмаслиги таъкидланди. Ж.Алламуродов оиласи ва бошқаларнинг Олий суд якуний, адолатли қарорни қабул қилгунча шу уйда яшаб туриши таъминланди. Уларга хонадонлари калитлари қайтарилди. 

Олмазорлик Ғофур Қаҳҳоровнинг уйи 2014 йилда бузилган. Унга ҳокимлик қуруқ ер таклиф қилган, бироқ Ғ.Қаҳҳоров бунга рози бўлмаган. Очиқ мулоқотда мутасаддилар бу масалани ўрганиб, фуқарога кўп қаватли уй-жойлардан хонадон ажратиб бериш масаласини кўриб чиқадиган бўлди. 

– Ҳар ойнинг 5-санасида пенсиямни олаётгандим, бироқ апрель ойи учун нафақани бугунгача олмадим, – дейди пенсионер Гулсара Халилова. – Мазкур сайёр қабулдаги мурожаатимдан сўнг Халқ банкининг Олмазор тумани филиали раҳбари ярим соатда пенсия пулларимни тўлатиб берди. 

– Ўн ёшли ногирон болам бор, уни даволатиш учун қўлимиз сал калталик қилиб турибди, – дейди Зилола Сайбарова. – Ҳозиргина Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ва бошқа мутасаддилар мен билан суҳбатлашди. Улар ўғлимни даволатиш, дори-дармон масаласида ёрдам берадиган бўлди. 

Ҳа, кескин баҳс-мунозара, юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотлар асносида кўплаб муаммоларга ечим топилди. Сайёр қабулда мурожаатларнинг сабаб-оқибатлари ва ечимлари муҳокама қилинди. Қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни зиммасига олди. 

Кейинги пайтда мамлакатимизда муайян ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун жамоавий жавобгарлик тизими йўлга қўйилмоқда: энди шаҳар ё тумандаги барча масала учун ҳоким билан бирга прокуратура, ички ишлар ва солиқ органларининг шу ҳудуддаги биринчи раҳбарлари тенг жавобгар бўлади. Мазкур янги тартиб Олмазор туманида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам ўз исботини топди. 

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Чилонзор туманида бўлиб, одамлар билан мулоқот қилиш аслида қандай бўлишини амалда кўрсатиб берди, – дейди Олмазор тумани ҳокими Баҳодир Ғойибназаров. – Бугунги сайёр қабулда мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган хато-камчиликларимизни тўла тушундик. Туман аҳолисидан қайси масалада, бу уй-жой ё моддий ёрдам, судларда ишлар кўрилиши, тадбиркорлик ёки бандлик масаласи бўладими, биз энг қуйига тушиб, уларга ечим топишимиз керак. Мазкур очиқ мулоқотда бу борадаги ишларимиз етарли эмаслиги, сусткашликка ва айрим ҳолларда бепарволикка йўл қўйганимиз очиқ-ойдин кўриниб қолди. Бу бизга катта сабоқ бўлди. Энди ҳудудимиздаги барча бўғин раҳбарлари ва ходимларини сафарбар қилиб, туманимиз аҳолисининг ҳақли талабларини ўрганиш, мурожаатларни ҳал қилиш учун янада катта куч-ғайрат билан ишлаймиз. Бошқача ишлашга ҳаққимиз йўқ, бунга ҳаётнинг ўзи йўл қўймайди. 

– Бугунги очиқ мулоқотда ҳудудимизда ҳали-ҳануз жуда кўп муаммолар борлигига амин бўлдик, – дейди Олмазор тумани прокурори Саидкарим Мухторов. – Бу, аввало, ўзимга, туман прокуратурасининг ҳар бир ходимига бўлган талабни қайта кўриб чиқишга ундайди. Энди масъулият ва шахсий жавобгарликни янада оширамиз, ҳар бир масалада прокурорлик назоратини кучайтирамиз. Мурожаатларнинг қонуний ечим топиши учун барча кучни сафарбар қиламиз. 

– Мурожаатлар билан ишлашда ишчи гуруҳлар тузганмиз, улар бошқа мутасаддилар билан ҳамкорликда муайян ишларни бажармоқда, бироқ бугун амин бўлдикки, ҳали туманимизда ўз ечимини топмаган, қонуний ечимига етиб келинмаган муаммолар кўп, – дейди Олмазор тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Равшан Султонхўжаев. – Бунда энг асосий масалалардан бири – ёшларни спорт, санъат, илм-фан тўгаракларига жалб қилиш, тадбиркорликка ўргатиш, шу асосда четдан кириб келаётган турли таъсирлар доирасига тушиб қолишининг олдини олиш. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ҳам ҳали анча ишлар қилишимиз керак. Бугунги сайёр қабулда асосан паспорт тизимига оид мурожаатларни кўриб чиқдик. Уларда ҳам бир жиҳат кўриндики, аҳоли ҳали қонунчиликдаги янгиликлар, мавжуд тартиб-қоидалардан тўла хабардор эмас. Демак, ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозим. Бу борада ўзимизга тегишли хулосалар олдик. 

– Асосий вазифамиз – аҳоли даромадларини ошириш, солиқ базасини кенгайтириш. Бу борада ҳали қуйи бўғинда қилинадиган ишлар кўплиги ҳам бугунги сайёр қабулда ўз исботини топди, – дейди Олмазор тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Равшан Ҳамроқулов. – Бу муаммолар ечими янги корхоналар ташкил этиш, аҳолига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида яқиндан кўмаклашишни тақозо этади. Чунки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ўз ишини йўлга қўйган одам оиласини боқади, барча ҳаётий муаммоларини ўзи ҳал қилади ва давлатга солиқ тўлаб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшади. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур сайёр қабул ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси билан асос солинган Халқ қабулхоналари институти одамлар билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий, самарали ва таъсирчан механизмига айланганини кўрсатди. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилса, аҳоли ўз ҳаётидан мамнун бўлса, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги мустаҳкамланади, муаммолар кескин камаяди, тараққиётнинг янги уфқлари очилади, фаровонлик юксалади. Зотан, буларга эришмай туриб, одамларни ҳаётдан рози қилиб бўлмайди. 

 
Умид Ёқубов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться