Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди

2017-04-10 | Жамият

Амир Темур – халқимиз тарихи солномасидаги нажоткор қаҳрамонлардан бири. Мустақилликка эришганимиздан сўнг Биринчи Президентимиз Ислом Каримов маънавий тикланиш ва янгиланиш ислоҳотларини улуғ аждодларимизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймосини тиклаш асосига қурди. Бунинг самарасида халқимиз ҳар йили Соҳибқирон таваллуд топган кунни улуғ аждодимиз хотирасига эҳтиром сифатида кенг байрам қилмоқда.

Анъанага кўра 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Нозим Ҳабибуллаев, тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева, публицист Бахтиёр Ҳайдаров ва бошқалар Амир Темур нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлади. Евроосиё ҳудудида улкан салтанат барпо қилган Амир Темур шахси ва фаолиятига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормоқда. 

Бу беназир зотнинг қандай замин ва тарихий шароитда ўсиб-улғайгани, қай тариқа шундай юксак чўққиларга кўтарилгани, давлат арбоби, енгилмас саркарда ва инсон сифатидаги фазилатлари, ички дунёси ва кечинмалари ҳақида шарқ ва ғарб тилларида бир ярим мингдан ортиқ асар битилган. Бугун дунёнинг қарийб 50 мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. 

Амир Темур феноменини англаш, холис ва ҳаққоний ёритишга фақат мустақиллик туфайли кенг йўл очилди: 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили бўлди, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида муҳташам ҳайкаллари қад ростлади. Улуғ бобомиз шарафига орден таъсис этилди. 2011 йили Ислом Каримов таклифи ва сўзбошиси билан “Темур тузуклари” асари мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилди. 

Бугун мамлакатимизда катта ғайрат-шижоат билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғундир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида «Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: «Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!» деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур», деган эзгу даъвати улуғ аждодимиз хотирасига кўрсатилаётган улкан эҳтиромнинг бардавомлигидан далолат. 

Амир Темур Оқсарой пештоқининг олд томонида «Адолат – давлат асоси ва ҳукмдорларнинг шиоридир», деган ёзувни ёздирган, бу ҳикматга, аввало, ўзи амал қилган. Бугун мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солингани ўзбек давлатчилик мактабига мансуб адолатпарварлик, ҳақиқатни таъминлаш борасидаги ана шундай буюк анъаналарнинг мантиқий давоми бўлмоқда. 

Шу кунларда Халқ қабулхоналарига кираверишда давлатимиз раҳбарининг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ҳаётбахш сўзларига кўзингиз тушади. Президентимиз барчага ўрнак кўрсатиб, чекка қишлоқ ва овулларгача кириб бориб, юзага келган реал вазият, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишмоқда, муаммоларни бартараф қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар бермоқда. Бугун парламент аъзолари, давлат органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳам жойларга чиқиб, асл ҳолатни ўрганмоқда, ўз фаолиятини таҳлилий-танқидий кўриб чиқмоқда. Барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг халқ олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди.  

Тадбирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари ўзбек ва инглиз тилларида америкалик машҳур шоир Эдгар Аллан Понинг “Буюк Темур” достонидан парча ўқиди. Талабалар Амир Темур ва темурийлар давридаги либосларни намойиш қилди. 

Буюк Соҳибқирон ҳайкали пойига гуллар қўйилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов иштирок этди. 
 

* * *
 
Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейида “Амир Темур даврида боғ яратиш санъати” деб номланган кўргазма очилди. 

Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятда бўлиб ўтмоқда.

Манба: ЎзА

Поделиться