Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
1 июль – Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўм муомалага киритилган кун
2016-07-01
Қудратимиз ва ғуруримиз тимсоли
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган улкан ишлар, изчил ислоҳотлар ва бетимсол янгиланишлар ҳақида сўз борганда, иқтисодиётимизнинг ривожланиши, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзаро мутаносиблиги, инфляция даражасининг пастлиги, аҳоли фаровонлиги юксалаётгани билан бир қаторда миллий валютамиз барқарорлашиб, банк тизими тобора мустаҳкамланиб бораётганини фахр билан тилга оламиз.
Дарҳақиқат, Президентимиз Ислом Каримовнинг 1994 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 1994 йил 1 июлдан муомалага киритилган миллий валютамиз мамлакатимиз мустақиллигининг асосий белгиларидан бири ва муҳим ривожланиш омили бўлди.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, мустақил пул бирлигини жорий этишнинг бирданига ва босқичма-босқич амалга ошириш усуллари мавжуд.
Биринчи ҳолда бу жараён қисқа вақтда ва асосан тўсатдан амалга оширилади. Бунда аҳолининг пул жамғармаси қийматини сақлаб қолиш мақсад қилиб қўйилмайди. Миллий валютага ўтишнинг бу усулини танлаган айрим давлатлар фуқароларининг қандай қийинчиликларга дуч келгани маълум.
Ўзбекистонда бу жараён ҳам миллий тараққиёт тамойилларига мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилди. Жаҳоннинг ҳеч бир давлатида бир пул бирлигидан бошқасига ўтишда халқ манфаатлари Ўзбекистондагидек алоҳида эътиборга олинмаган. Буни миллий валютани жорий этишга тайёргарлик босқичи сифатида сўм-купонга ўтишдан бошлаб кузатиш мумкин. Мамлакатимизда сўм-купон муомалага кириши билан четдан кириб келаётган, қадрини йўқотган пулнинг йўли тўсилди.
Халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган арзон маҳсулотларнинг бошқа республикаларга «оқиб кетиши»нинг олди олинди. Шу билан бирга, даромадларини эски пулда жамғариб келган аҳолига уни алмаштириш учун имконият яратилди.
Мамлакатимизда аҳолининг моддий аҳволини яхшилаш мақсадида иш ҳақи, пенсия, стипендиялар мунтазам ошириб борилди. Иқтисодий ночор корхоналарга тангликдан чиқиб олиши учун фоизсиз банк кредитлари ажратилди. Миллий пул бирлигини жорий этиш билан боғлиқ объектив қийинчиликлар шу тахлит бартараф этилди ва 1994 йил 1 июлдан ҳақиқий валюта – сўмга ўтиш жараёни аҳоли учун молиявий йўқотишларсиз амалга оширилди.
Бугун баралла айтиш мумкинки, Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган бақувват иқтисодиётнинг асоси яратилди. Ўнлаб тармоқ ва соҳаларга асос солинди, жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган корхоналар замонавий, юқори унумли техника ва технологиялар билан жиҳозланди.
Сўмнинг муомалага киритилиши Ватанимизда самарали пул-кредит тизимини яратиш йўлидаги муҳим қадам, иқтисодий мустақилликка эришишга йўналтирилган асосий воситалардан бири бўлди. Ўзбекистон ўз миллий валютасининг барқарорлиги ва мустаҳкамлигига четдан қарз олмасдан, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш орқали эришди.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Инқирозга қарши чоралар дастури мамлакатимиз молиявий-иқтисодий, бюджет, банк-кредит тизимининг барқарорлигини таъминлаш имконини берди. Хусусан, сўмнинг харид нархини ошириш мақсадида ички бозорни юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, пул-кредит сиёсатининг изчиллигини, истеъмол моллари билан нақд пул мутаносиблигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани барча соҳаларда ўз самараларини бермоқда.
Глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамда кўплаб мамлакатларда давом этаётган иқтисодий танглик, хусусан, давлат қарзлари ва бюджет тақчиллиги чуқурлашганига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини барқарор ривожлантиришга эришилмоқда.
Сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларнинг халқаро рейтинг кўрсаткичлари кескин пасайиб бораётган бир пайтда “Мудис”, “Стандарт энд Пурс” ва “Фитч рейтингс” халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз банк тизими фаолиятини “барқарор” деб баҳоламоқда. Бу юртимиз иқтисодий салоҳияти халқаро экспертлар томонидан тан олинганлигининг далилидир. Бугунги кунда мамлакатимиздаги деярли барча тижорат банклари юқори рейтинг даражасига эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, миллий валютамизни жорий халқаро операциялар бўйича алмаштирилиши мамлакатимизда эришилган макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиётни янада либераллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш учун мустаҳкам асос яратди.
Бугун юртимизга келган хорижлик меҳмонлар, тадбиркор ва ишбилармонлар ҳар қандай хизмат ёки маҳсулот ҳақини тўлашдан олдин ўз пулини ўзбек сўмига алмаштиришга интилади. Бу жаҳон валюталари билан муомалада пулимизнинг кучи, харид қуввати ошиб бораётганидан далолатдир.
Миллий валютадан ҳаммамиз ҳар куни фойдаланамиз. Уни кўрганда қалбимизда миллий ғуруримиз жўш уради. Зеро, пулимиз нафақат мамлакатимиз иқтисодий қудратининг, балки халқимиз маънавий, маърифий ва маданий салоҳиятининг кўзгусидир. Уни қўлига олган кишининг қадим Самарқанддаги Регистон майдони, Тиллакори, Шердор мадрасалари, Амир Темур мақбараси каби тарихий обидалар, шунингдек, пойтахтимиздаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, “Истиқлол” санъат саройи, Амир Темурнинг улуғвор ҳайкали тасвирларига кўзи тушади. Бу тасвирлар мамлакатимизнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган, десак муболаға бўлмайди.
Айни пайтда мустақиллигимиз, қадимий шаҳарларимиз, улуғ аждодларимизнинг қутлуғ тўйлари муносабати билан юбилей тангалари ҳам зарб этилмоқда. Буларнинг барчаси халқимизда, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодда миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Миллий валютамиз мамлакатимиз салоҳиятини янада юксалтириш билан бирга, халқимизнинг ғурур-ифтихорини, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА