2019-10-07
7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги Йиллик 6-семинари бўлиб ўтади.
Халқаро анжуманнинг асосий ташкилотчиси Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилган.
Дунёдаги энг йирик халқаро ислом ташкилоти даставвал Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) деб юритилган. 2011 йилдан Ислом ҳамкорлик ташкилоти деб юритилади. Ташкилот қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган.
Бугунги кунда ИҲТга аъзо давлатларда бутун дунё аҳолисининг қарийб учдан бири истиқомат қилади. Ушбу кенг миқёсдаги ҳамкорлик муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим ўрин тутиб келмоқда.
Манба: ЎзА