Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юртни мадҳ этмоқ бахти
2015-02-27 | Жамият
Самарқандда "Нима қилдик Ватан учун?" шиори остида ижодий фестиваль бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маданият ва санъат намояндалари, таниқли шоир ва ёзувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Фестивалда мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилгани, ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бунинг самарасида юртимиз ёшлари илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида нуфузли халқаро танловлар, йирик спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этмоқда.
– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка жавобан биз, ёшлар ҳам Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алишер Турдиев. – Шунинг учун ҳам мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган мазкур фестиваль "Нима қилдик Ватан учун?" деб номланди. Ҳар биримиз бу саволга муносиб жавоб бера олсак, албатта, жонажон юртимиз бундан-да обод, халқимиз турмуши янада фаровон бўлади.
Пойтахтдан келган ва самарқандлик таниқли санъаткорлар, ёш ижрочиларнинг истиқлол, Ватан, дўстлик ва ёшлик тараннум этилган қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Манба: ЎзА