Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Яшил сайёрамиз тақдири ўз қўлимизда
2017-03-30 | Экология
Учтепа тумани «Баркамол авлод» болалар марказида бўлиб ўтган «Экология – болалар нигоҳида» экофестивалининг Тошкент шаҳар босқичида эллик олти иштирокчи ўз ижодий ишларини намойиш этди.
Мамлакатимизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолининг, хусусан, ёш авлоднинг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бермоқда. «Баркамол авлод» болалар марказларида ташкил этилаётган ушбу анъанавий «Экология – болалар нигоҳида» экофестивали ёшларнинг табиатга бўлган меҳрини уйғотиш, экологик муаммолар ечимини ҳал этишда уларнинг ҳар томонлама фаоллигини, ижодкорлигини оширишда катта аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги «Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур марказлар фаолиятини такомиллаштириш ва бу каби эзгу ишларни амалга оширишда дастуриламал бўлаётир.
– Фестиваль иштирокчилари сафи йилдан-йилга кенгаймоқда, – дейди Чилонзор тумани «Баркамол авлод» болалар маркази директори У.Турғунова. – Улар бундай имкониятдан унумли фойдаланиб, она табиат ҳақида тасаввур ва фикрларини ўз ишларида баён этмоқда. Масалан, тасвирий санъат йўналиши бўйича қатнашган ўқувчилар барчамизни она заминимиз, гўзал юртимиз табиатини асраш ва муҳофаза қилишга ундаётгани қувонарлидир.
«Яшил сайёрамиз тақдири ўз қўлимизда» шиори остида ўтказилган фестиваль қўл ишлари, тасвирий санъат (экологик плакат), фотосуратлар, мультимедиа йўналишлари бўйича ташкил этилди.
Учтепа тумани «Баркамол авлод» болалар марказининг тўқиш тўгараги аъзоси Мафтуна Халилова фестивалда «Гулдаста», «Сеҳрли уйча» ва «Йил фасллари: қиш, баҳор, ёз ва куз» деб номланган ижодий ишларини тақдим этган.
– Тўқиш сирларини устозим Насиба Умаровадан мунтазам ўрганиб келмоқдаман, – дейди у. – Бугунги фестивалда тенгдошларимиз яратган ижод намуналари бир-биридан чиройли ва ўзига хослиги билан барчанинг эътиборини тортди.
Фестиваль ғолиблари мамлакат босқичига йўлланма олди.
Манба: ЎзА