Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Божхонада интерактив хизматлар – тадбиркорлар учун таянч

2017-03-29 | Технологиялар

Давлат божхона қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг I ярим йиллиги учун “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га мувофиқ оммавий ахборот воситалари учун “Божхонада интерактив хизматлар – тадбиркорлар учун таянч” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда журналистларга Давлат божхона қўмитаси Ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги А.Саидов мавзу юзасидан маъруза қилди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармони ҳамда ушбу Фармон билан тасдикланган комплекс чора-тадбирлар дастури божхона соҳасида тадбиркорларга кўрсатилаётган электрон хизматлари кўлами ва сифатини оширишда муҳим рол ўйнамоқда.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига жами 35 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий этилган, шундан 22 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтган. Тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳозирда 22 турдаги интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган.

Ушбу интерактив хизматлар вақтни тежаш, қоғоз харажатларини камайтириш, божхона органларига бормасдан ўз иш жойларидан интернет орқали керакли маълумотларни олиш ҳамда расмийлаштириш каби бир қатор қулайликлар яратиб келмоқда.

Уч йилдан ошди-ки, республикамизда тадбиркорлар томонидан “Товарларни электрон декларация қилиш” интерактив хизмати орқали товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш имконияти йўлга қўйилган. Ушбу хизмат жорий қилинган 2014 йилнинг ўзидаёқ 98,7% божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилди. Сўнгги 2 йилда эса бу кўрсаткич 99, 9 % ни ташкил қилиб келмоқда.

Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектларининг ҳаражатлари ва вақти тежалишига эришилди. Хусусан, БЮДни электрон тарзда тақдим этиш ҳамда қоғоз кўринишида декларациялаш амалиёти тўхталиши натижасида ҳар йили божхона юк декларацияларининг қоғоз бланкалари учун сарфланган салкам 1,3 млрд. сўм миқдоридаги харажатлар тадбиркор ихтиёрида қолмоқда.

Шунингдек, божхона юк декларациясига илова хужжатларини (инвойс, накладной, контракт ва бошқалар) электрон шаклда тақдим этиш натижасида ҳар йили тадбиркорлар томонидан 60 тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинмоқда. Энг муҳими эса товарларниг божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақт 4,7 мартага қисқарган.

 

Энг оммалашган интерактив хизмат турларидан бири, бу тадбиркорлик фаолияти субъектлари ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона элетрон ахборот тизими орқали рўйҳатдан ўтказишдир.

Ушбу хизмат орқали эндиликда тадбиркорлар шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишларига ҳожат қолмади. 2016 йилда эса жами шартномаларнинг 99,9 фоизи яъни 106 мингдан ортиқ шартнома ва уларга қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган. Жорий йилнинг 1-чорагида эса бу кўрсаткич 30 мингга етди.

Яна бир янгилик шунда-ки, жорий йилнинг март ойидан бошлаб, ташқи савдо шартномаларини электрон шаклга ўтказиш учун мўлжалланган E-KONTRAKT 2 дастурий таъминотининг янги версияси ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини қисқартириш мақсадида ишга туширилган мазкур янги дастурий таъминотда шартномалар ижроси бўйича барча маълумотларни, шу жумладан банк томонидан киритилган маълумотлар ва БЮД бўйича маълумотларни божхонага мурожаат этмасдан, тўғридан-тўғри ўзлари интернет орқали олиш имконияти ишлаб чиқилди. Мазкур электрон хизмат тадбиркорлар томонидан яхши кутиб олинди, ўтган бир ойгина вақт ичида ушбу хизматдан 541 та тадбиркор фойдаланган ва улар божхонага мурожаат этмасдан бевосита электрон шаклда олишга эришдилар.

“Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномасини шакллантириш” интерактив хизмати ТИФ қатнашчиларига божхона тўловлари бўйича солиштирма далолатномаларини ўз иш жойларида ўтириб божхона органларига ташриф буюрмасдан, ортиқча қоғоз харажатлари ва вақтларини сарф қилмасдан, он-лайн тарзда реал вақт мабойнида PDF форматида юклаб олиш имкониятини беради. Ушбу интерактив хизмат ТИФ қатнашчиларига қўшимча қулайликлар яратиб, 2015 йилда 8 мингдан ортиқ, 2016 йилда 16 мингдан ортиқ, жорий йилнинг 1-чорагида эса 5 мингдан ортиқ тадбиркор божхона органлари эшигида навбат кутишдан қутулиб, электрон тарзда далолатномаларни олишган.

Маълумки бугунги кунда товарларни расмийлаштиришда сарфланадиган маблағлар ҳақидаги мурожаатлар божхона органларига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини ташкил этмоқда. Шу муносабат билан, фуқароларга енгиллик яратиш ва улрага расмийлаштирувга доир сарфланадиган маблағларни тахминий хисоблаб берлишини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб ДБҚнинг расмий веб-сайтида “Божхона калькулятори” интрерактив хизмати амалиётга жорий этилди.

Мазкур хизматда божхонада расмийлаштирилиши режалаштирилган товарнинг божхона ставкалари ва тўланиши лозим бўлган қийматини хар бир фуқаро ўз уйида ёки офисда ўтирган ҳолда интернет тармоғи орқали маълумот олиши мумкин. Ушбу хизмат ишга туширилгандан бошлаб бугунги кунга қадар 1100 дан ортиқ фойдалунвчилар ўзларига керакли маълумотга эга бўлдилар.

Жорий йилда тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш йўналишида яна 2 та янги хизмат амалиётга жорий этилди. Булар “Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш” ҳамда “Божхона брокерига тартиб рақамини бириктириш” интерактив хизматларидир.

Эндиликда божхона чегарасини кесиб ўтишни режалаштиришган фуқаро олдиндан йўловчи божхона декларациясини тўлдириб божхона органига тақдим этиши йўлга қўйилди. Бу хизматдан фойдаланган шахсларнинг божхона чегарасидан ўтишга ва у ерда навбатда туриб декларацияни тўлдиришга кетадиган вақтига бархам берилади.

2016 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги товарларни расмийлаштириш учун руҳсатнома олишга доир 7 турдаги интерактив хизматлар орқали жами 6,6 мингдан ортиқ руҳсатномалар электрон тарзда берилган бўлиб, бу жами берилган руҳсатномаларни 45,3%ни ташкил этди.

2016 йилда тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали божхона органлари томонидан кўрсатиладиган қўшимча 10 та янги хизмати жорий қилинди.

Бугунги кунда божхона органларининг интерактив хизматларининг рейтинги ҳамда ундан фойдаланувчилар сони кескин ортиб бормоқда. Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар рейтингида охирги 3 ой давомида Давлат божхона қўмитасининг 5 та интерактив хизмати биринчи 10 таликдан ўрин олган. Хусусан, улардан 2 таси 1- ва 2-ўринларда ва кейингиси 4-, 7- ва 8- ўринларни эгаллаб турибди.

2016 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига келиб тушган 540 мингдан ортиқ мурожаатларнинг салкам 370 мингтаси яъни 68 % ини айнан божхонага доир интерактив хизматлари орқали келиб тушган мурожаатлар ташкил этди.

Тадбирда бу йўналишда келгусида амалга оширилиши кутилаётган режа ва лойиҳалар юзасидан ҳам ахборотлар берилди. Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

Поделиться