Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов масъулияти
2015-02-26 | Жамият
Самарқанд вилоятида аҳолининг сайловга оид ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган семинарлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими томонидан ташкил этилаётган тадбирларнинг навбатдагиси Пахтачи туманида бўлиб ўтди.
Унда тумандаги ўттизта участка сайлов комиссияси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Мамлакатимизда сайловларни очиқ-ошкора, халқаро стандартларга мос ўтказишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилгани алоҳида таъкидланди. Конституциямиз ва сайловга оид қонунларда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, уларда фуқароларнинг иштирок этиши билан боғлиқ тартиблар халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб қўйилган.
– Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, фуқаролар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ва яширин овоз бериш принципларига асосан сайловни амалга оширадилар, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Х.Маматов. – Бунинг ҳуқуқий асоси аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 32-моддасида фуқароларнинг давлат бошқарувида бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи кафолатганган бўлса, 117-моддада давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда сайловлар ушбу принциплар устуворлиги ва фуқароларнинг юксак сиёсий фаоллигида ўтаётгани билан аҳамиятлидир. Айни пайтда ҳам халқимиз 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Тадбирда "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари, сайловни ташкил этиш ва ўтказишда сайлов комиссияларининг ваколатлари, сайлов кампаниясининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли каби мавзулар юзасидан маърузалар тингланди.
Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда.
Манба: ЎзА