Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кўмир брикетлари тайёрловчи ускуналар тақдимоти
2017-03-27 | Иқтисодиёт
Мамлакатимиз вилоятларида кўмир брикетлари тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бундан хабар топган Жанубий Кореянинг 60 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “JEIL MACHINERI CO.,LTD” компанияси бош директори Ким Жеонг Ҳо ҳамда ижрочи директори Чаирман Сунг-Соо Кимлар мамлакатимизга ташриф буюриб, "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятида бўлди.
Ташриф давомида меҳмонлар авлоддан-авлодга ўтиб келаётган кўп йиллик тажрибаларига таяниб яратган брикет тайёрлайдиган ускуналари, печлари ва тайёр маҳсулотлари тақдимотини ўтказдилар. Мьянма, Хитой, Индонезия ва Монголия давлатлари билан шартнома асосида ҳамкорлик ўрнатган компания жиҳозларининг афзалликлари, кўмир брикетларининг аҳоли учун қулайликлари, фойдаланиш имкониятлари ҳақида атрофлича тушунча бердилар. Шунингдек, ҳамкорликда ишлаш, ускуналарини сотиш бўйича таклифларини билдирдилар ҳамда тажрибалари билан ўртоқлашди.
Тақдимот сўнгида акционерлик жамиятининг бир гуруҳ мутахассислари ва компания вакиллари ўртасидаги давра суҳбати ўтказилди. Бунда томонлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда фикр алмашдилар.