Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Туркистон» саройида «Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари» кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
2017-03-25 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кейинги вақтларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди.
Бунда мамлакатимизда ташкил этилган ички ишлар органлари профилактика хизматининг алоҳида ўрни бор. Мазкур соҳа ривожида тизимда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари» кўрик-танловининг аҳамияти беқиёс.
«Туркистон» саройида бўлиб ўтган мазкур кўрик-танловнинг мамлакат босқичида бу алоҳида қайд этилди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, ички ишлар вазири А.Азизов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида хавфсизлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу жараёнда ички ишлар органларининг профилактика хизмати такомиллашиб, аҳолига яқин, халқчил тузилмага айланаётир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба кунлари профилактика куни, деб эълон қилингани соҳадаги ишлар самарадорлиги янада ошишига йўл очди. Содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилаётгани аҳолини ҳушёрлик ва огоҳликка чорламоқда. Ўқув муассасаларида ўтказилаётган профилактик тадбирлар самарасида ёшлар тўғри йўлдан чалғимаслигининг таъсирчан чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг яқинда кучга кирган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни соҳа фаолиятини тартибга соладиган қонунчилик базасини мустаҳкамлади. Мазкур қонун нафақат ички ишлар органлари фаолиятига оид муҳим ҳуқуқий асос, балки фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошишига пухта замин яратди. Жамиятда қонун устуворлиги, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасида янги босқични бошлаб берди.
Ички ишлар органларида профилактика хизмати такомиллаштирилиши баробарида тизим ходимлари иш юритадиган инфратузилма замон талабига мос ривожланиб бормоқда. Айни пайтда 3 минг 810 дан зиёд таянч пунктида профилактика инспекторлари жамоатчилик вакиллари – маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар кенгаши, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, маҳалла посбонлари билан бир бинода фаолият юритаётир. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолига янада яқинлашиш, унинг дарду ташвишларидан доимо огоҳ бўлиш ва зарур пайтда тегишли ёрдам бериш, учраётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишдир. 75,6 фоиз таянч пунктлари атрофида факультатив тўгараклар, 78 фоизининг атрофида кичик бизнес шохобчалари, 83,6 фоизида спорт майдончалари барпо этилгани ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни фойдали ишларга йўналтиришга хизмат қилмоқда.
Кўрик-танлов жараёнида иштирокчилар фаолиятининг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Танловнинг мамлакат босқичида ички ишлар органларининг 14 таянч пункти ўзаро баҳслашди.
Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани Алишер Навоий номидаги маҳалладаги 199-таянч пункти, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри Гўраввал маҳалласидаги 79-таянч пункти, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳар Гулшан маҳалласидаги 20-таянч пункти, Жиззах вилоятининг Жиззах тумани Қаҳрамон маҳалласидаги 38-таянч пункти ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиблар диплом ва «Матиз» автомобиллари билан тақдирланди.
Танловда иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳамда «Энг маҳоратли профилактика инспектори», «Ёш авлод ҳимоячиси», «Энг обод ва осойишта маҳалла раиси», «Фидойи маҳалла посбони», «Маърифатпарвар маслаҳатчи» каби номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди ва тақдирланди.
– Президентимизнинг профилактика хизматини янада такомиллаштиришга қаратаётган эътибори зиммамизга алоҳида масъулият юкламоқда, – дейди Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани Алишер Навоий номидаги маҳалладаги 199-таянч пункти профилактика инспектори Аслиддин Муродов. – Айниқса, профилактика кунлари ўтказилаётгани маҳалламиздаги муҳитни янада соғломлаштириб, барқарорлаштирмоқда. "Давомат" тадбири мунтазам ўтказилаётгани маҳалламиздаги коллеж ва мактабда ўқувчиларни юз фоиз дарсга жалб этиш имконини яратди.
Тадбирга таниқли санъаткорлар, Ички ишлар вазирлиги маданият саройи ашула ва рақс ансамблининг чиқишлари ўзгача файз бағишлади.
Манба: ЎзА