Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов участкаларида иш қизғин
2015-02-25 | Жамият
Мамлакатимизда халқаро мезонларга мос миллий сайлов тизими яратилгани фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириб, ҳуқуқий демократик жамият қурилишида бевосита иштирок этишида юксак самаралар бермоқда.
Айни пайтда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларида ушбу муҳим сиёсий-ижтимоий тадбирга алоҳида тайёргарлик кўриш жараёнида фуқаролар учун барча қулайликлар яратилаётгани бунга яққол мисолдир.
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 708 сайлов участкаси тузилган. Уларнинг барчасида жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган сайловга ҳозирлик ишлари қизғин паллага кирди.
– Сайлов участкалари сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини эркин, мустақил билдириши ва сайловни очиқ-ошкора ўтказишнинг муҳим бўғинидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси А.Аҳмедов. – Миллий қонунчилигимизга мувофиқ, участка сайлов комиссияси аъзоларини шакллантиришда обрў-эътиборли, эл ҳурматини қозонган, маҳаллада муқим яшаётган ва сайлов қонунчилигидан хабардор партиясиз фуқаролар танлаб олингани сайловни халқаро андозаларга тўла мос ташкил этишда ўз самараларини бераётир. Бу жараённи миллий қонунчилигимиз доирасида ўтказиш мақсадида округ сайлов комиссияси аъзолари сайлов участкаларига бириктирилиб, яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.
Денов туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 102 участка сайлов комиссияси ташкил этилиб, фуқаролар учун қулай, барча шароитга эга замонавий биноларга жойлаштирилди. 494-сайлов участкаси туман марказидаги 74-умумтаълим мактаби биносида фаолият юритади. Сайлов куни бу ерда 2-Сўфи Оллоёр маҳалласи фуқаролари конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, юртимиз тараққиёти ва обод келажагимиз учун овоз беради. Уларнинг 25 нафарга яқини сайловларда илк марта иштирок этаётган ўғил-қизлардир.
Сайлов участкасида ёш болали оилаларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, ёши улуғ сайловчиларнинг соғлиғини назорат қилиш учун бинонинг қулай жойида оналар ва болалар, тиббиёт хоналари ташкил этилган.
– Тиббиёт хонаси сайлов куни эрта тонгдан кечгача фуқаролар хизматида бўлади, – дейди 74-умумтаълим мактаби тиббиёт ҳамшираси Розалия Исрофилова. – Хонанинг замонавий усулда жиҳозлангани сайлов жараёнида эҳтиёж сезилган ёши улуғ айрим сайловчиларга тезкор, сифатли бирламчи тиббий хизмат кўрсатишда жуда қўл келади.
Тумандаги 503-сайлов участкаси ҳам 29 март куни Буюк келажак маҳалласи фуқароларининг овоз бериши учун тахт қилиб қўйилмоқда. Сайловчилар участкада сайловга оид қонунлар, кундалик матбуот нашрлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олаётир.
Сайловни халқаро стандартларга мувофиқ ўтказиш учун бундай шароитларнинг яратилаётгани демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамияти барпо этишда муҳим омил бўлмоқда. Фуқароларнинг юртимизда содир бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини, масъуллик туйғусини кучайтираётир.
Шўрчи туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни фуқаролар 46 сайлов участкасида ўз овозини эркин ифода этади. Бунинг учун қулай шароит, кенг имконият яратиб берилаётир. Ана шундай участкалардан бири Бўстон маҳалласидаги замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган 7-болалар мусиқа ва санъат мактабида жойлашган.
– Бўлғуси сайловни юксак савияда уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча қулайлик яратилаётир, – дейди 421-участка сайлов комиссияси раиси Муқаддас Диёрова. – Участка сайлов комиссияси аъзолари хонаси кенг, шинам ва ёруғ. Замонавий алоқа воситалари, компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Тиббиёт, оналар ва болалар хоналари сайловга оид меъёрий ҳужжатларда белгиланган талаб асосида жиҳозланмоқда. Сайлов куни янги мактаб ҳудудида йўлга қўйиладиган турли сервис ва хизмат кўрсатиш нуқталари сайловчилар хизматида бўлади.
Қумқўрғон туманида сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш учун 49 участка сайлов комиссияси шакллантирилган. Сайлов участкалари энг замонавий таълим муассасалари ва тубдан реконструкция қилинган корхона, ташкилотлар биноларида жойлаштирилган. Нефтчилар маҳалласида қайта реконструкция қилинган "Сурхонпармалашишлари" акциядорлик жамияти биносида 345-сайлов участкаси фаолияти йўлга қўйилган.
– Мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараённи сайловчиларимиз катта қизиқиш билан кутмоқда, – дейди "Нефтчилар" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Чори Аннаев. – Ҳудудимизда рўйхатга олинган сайловчиларнинг мустақил овоз бериши учун зарур шароит яратишда участка сайлов комиссияси аъзоларига маҳалламиз фаоллари яқиндан кўмаклашаётир.
Партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун тенг шароит яратиб бериш, номзодлар ҳақидаги маълумот ва ахборотларни кўринарли жойларга осиб қўйишда участка сайлов комиссияларига жойларда ташкил этилган кўмаклашувчи гуруҳлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари яқиндан ёрдам бермоқда.
Вилоятдаги барча сайлов участкаларида фуқароларнинг мустақил овоз бериши учун етарли қулайлик яратишга алоҳида тайёргарлик кўрилаётганини кузатиш мумкин. Комиссия аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланиб, навбатчилик йўлга қўйилган, барча участкаларда қонун, йўриқнома, қўлланма, зарур адабиёт, номзодларни таништирувчи плакатлар мавжуд. Чекка қишлоқлардаги сайлов участкалари ҳам замонавий алоқа воситалари – мобиль телефонлар, овоз бериш кабинаси, сейф, овоз бериш қутиси ҳамда комиссия аъзоларининг фаолият юритиши учун етарли компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги бўйича билимини ошириш учун жойларда ўқув-семинарлари ташкил этилаётгани ҳам мамлакатимизда сайлов эркинлигини таъминлаб, сайловчиларга қулай шароит яратиш юзасидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.
Манба: ЎзА