Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент Шавкат Мирзиёев “Назарбоев университети”га ташриф буюрди
2017-03-23 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Президенти ҳамроҳлигида “Назарбоев университети” ва “MEGA Silk Way” савдо марказини бориб кўрди.
Университетга илк талабалар 2010 йилда қабул қилинган. Унинг таркибида 8 мактаб, бир марказ ва кутубхона бор. Таълим халқаро андозалар асосида олиб борилади. Ҳар йили 440 дан ортиқ бакалавр ва 170 дан зиёд магистр кадрлар тайёрланади.
Давлатимиз раҳбари университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қўйди.
“MEGA Silk Way” савдо марказида савдо дўконлари, спорт ва кўнгилочар шохобчалар, турли офислар жойлашган. Ушбу марказ шу йил 10 июндан 10 августгача Остона шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазмасига мезбонлик қиладиган меъморий ансамблнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Бу ерда ўзбек ва қозоқ халқларининг ашула ва рақслари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари намойиш этилди.
Президентлар «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазма майдонининг “Нур олам” павильонига ташриф буюрдилар.
Шавкат Мирзиёев “ЭКСПО – 2017” ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаси мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва корхоналари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли келишувларга эришиш йўлида муҳим тадбир бўлишини таъкидлади.
Мамлакатимиз делегациясининг ташрифи доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев кузатиб қўйди.
Манба: ЎзА