Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳуқуқий маданият янада юксалмоқда
2015-02-25 | Жамият
Қашқадарёда ўтказилган семинар аҳолининг сайловга оид ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган тадбирда 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси аъзолари, вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Республика маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раис ва маслаҳатчилари, нодавлат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини кафолатлайдиган миллий сайлов тизими яратилгани алоҳида таъкидланди.
Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ташкил этилган 867 сайлов участкасида сайловчилар учун барча шароит яратилаётир.
Таълим муассасалари, маҳаллаларда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда сайловчилар, айниқса, мазкур сиёсий жараёнда биринчи марта иштирок этадиган ёшларнинг сайловга оид ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишга хизмат қиладиган давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилмоқда.
Тадбирда "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайлов комиссияларининг ўрни хусусида сўз юритилди. Сайлов кампаниясининг очиқлик ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли, муддатидан олдин овоз бериш жараёнини қандай ташкил этиш ва ўтказиш бўйича белгиланган қонуний тизим тўғрисида маълумотлар берилди.
Манба: ЎзА