Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Келгуси ишлар дастурининг лойиҳаси муҳокама этилди
2015-02-25 | Жамият
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи ҳамда қўмиталарнинг мажлислари бўлиб ўтди.
Депутатлар Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар Дастурининг лойиҳасини муҳокама этдилар. Ушбу Дастур Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида"ги қўшма қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилди.
Парламент аъзолари улар сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий шароитларда ишлашларига тўғри келишини таъкидладилар. Шу муносабат билан парламент қуйи палатаси фаолиятининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қонун ижодкорлигини, назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштиришга, демократик жараёнларнинг ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлаштирилишини таъминлашга доир аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур.
Дастурни ишлаб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ушбу ҳужжатда давлатимиз раҳбарининг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгиланган энг муҳим вазифалар ўз аксини топди. Дастурни ишлаб чиқишда парламент сиёсий партиялари фракциялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи ва қўмиталарнинг таклифлари ҳамда тавсиялари ҳисобга олинди.
Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари таъкидладиларки, 2015 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар дастури партиянинг сайловолди платформаси вазифаларига мос тушади ҳамда партия, фракция ва электорат манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади, шунингдек, жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг рўёбга чиқарилиши устидан парламент назоратини янги босқичга кўтаришга кўмаклашади.
Алоҳида таъкидландики, дастур лойиҳаси бир қатор муҳим масалаларни, шу жумладан, "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун, хусусий мулкни ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳамда "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги ва бошқа қонунлар ижро этилишини ўрганишни назарда тутади. Фракция аъзолари дастур лойиҳасига қўшимча таклифларни ишлаб чиқдилар.
Ҳужжатни муҳокама этиш чоғида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси аъзолари Дастур лойиҳасига фракция томонидан таклиф этилган қонун лойиҳалари ва парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирлар киритилганини қайд этдилар.
Фракция "Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида"ги, "Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида"ги, "Парламент назорати тўғрисида"ги "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги, "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги ва бошқа муҳим қонун лойиҳаларининг тайёрланишида ва қабул қилинишида фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар, умуман Дастурни қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг айрим йўналишлари юзасидан бир қанча танқидий фикр-мулоҳазаларни билдирдилар. Жумладан, айрим қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш муддатларини кўриб чиқиш талаб этилади. Фракциянинг фикрича, ушбу лойиҳа ва тадбирларни ҳозирги босқичда парламент олдида турган демократик ислоҳотлар ва мамлакатимизни модернизация қилиш талабларини инобатга олган ҳолда, уларнинг зарурлиги нуқтаи назаридан пухтароқ ва чуқурроқ ўрганиш лозим.
Шунингдек, партиянинг дастурий вазифаларини ҳисобга олган ҳолда Дастурнинг айрим қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, давлат ва жамият томонидан мақсадли ижтимоий ҳимояга ва кўмакка муҳтож инсонларни, шу жумладан, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш сиёсатининг энг муҳим йўналишларини рўёбга чиқариш учун жавобгар давлат бошқаруви органларининг фаолияти устидан парламент назоратини тубдан яхшилашга қаратилган қонун ижодкорлиги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бунда улар бевосита таъсир кўрсатадиган қонунларни қабул қилиш, уларни бузганлик учун жавобгарликнинг самарали механизмларини яратиш зарурлигини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, палатанинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятида, ҳукумат аъзоларининг, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг мамлакатимиз социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг энг муҳим масалаларига доир маърузаларини эшитиш масалалари бўйича қарорларни ишлаб чиқишда ҳамда рўёбга чиқаришда сиёсий партиялар фракцияларининг фаол иштирок этиш механизмлари самарадорлиги оширилишини таъминлаш зарур.
Шунингдек, Ўзбекистон ХДП фракцияси олдида турган энг муҳим вазифалар қаторида иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурларининг рўёбга чиқарилишини, шунингдек, "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги ва бир қатор бошқа муҳим қонунларнинг ижро этилишини парламент томонидан назорат қилиш масалалари ҳам қайд этилди.
Ўзбекистон " Адолат" социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Дастур лойиҳасини муҳокама этишда қабул қилинган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштиришга таъсирини, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўрганишга қаратилган ўзаро алоқанинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда қонун лойиҳаси устида иш олиб боришга кўпроқ эътибор қаратишни таклиф этдилар. Шу муносабат билан улар парламент томонидан қабул қилинган қонунларнинг, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижро этилиши билан боғлиқ депутатларнинг ишларини ёритиб боришга оммавий ахборот воситаларини фаол жалб қилишга қаратилган бир қатор тадбирларни рўёбга чиқариш зарурлигини таъкидладилар.
Дастурнинг асосий қоидаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда фракция аъзолари қонун лойиҳаларини муҳокама этиш жараёнида кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда уларни палата томонидан ижтимоий экспертизадан ўтказиш, аҳолига қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, улар юзасидан қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини маромига етказиш жараёнида фойдаланилиши мумкин бўлган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар олиш лозимлигини билдирдилар. Фракция аъзоларининг фикрича, янги қабул қилинган қонунларнинг самарали рўёбга чиқарилишини таъминловчи қонуности ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш устидан парламент назоратининг самарали механизмини ҳам яратиш зарур.
Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи ҳам Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар Дастурининг лойиҳасини муҳокама қилди.
2015 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар Дастурининг лойиҳаси парламент қуйи палатаси қўмиталарининг мажлисларида ҳам кўриб чиқилди.
Мажлислар иштирокчилари ушбу ҳужжат депутатларга юқорироқ талабларни қўядиган янги ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий шарт-шароитда ишлаб чиқилганини қайд этдилар. Сўзга чиққанлар қабул қилинаётган қонунларга уларни рўёбга чиқариш бўйича аниқ механизмларни киритиш, қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қонунлар моддаларининг ўз вақтида, кенг қамровли рўёбга чиқарилишини таъминлаш орқали қонунларнинг, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг таъсирини оширишни таклиф этдилар.
Шунингдек, депутатлар чет эл ҳуқуқий амалиётини ҳар томонлама ва чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида қонун ижодкорлиги фаолиятини тубдан яхшилаш, давлат бошқарувининг, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида қонун лойиҳаларининг самаралироқ муҳокама этилишини ташкил этиш лозимлигини билдирдилар. Давлат бошқаруви органларининг фаолияти, қабул қилинаётган қонунларнинг, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга доир энг муҳим давлат дастурларининг сўзсиз ижро этилиши устидан парламент назоратини яхшилаш Қонунчилик палатаси келгуси фаолиятининг муҳим йўналишига айланади. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга эришиш ҳам зарурдир.
Муҳокамалар якунларига кўра, қўмиталар аъзолари Дастур лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқдилар ҳамда ишчи гуруҳга ҳужжатни билдирилган фикрлар асосида маромига етказиш таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати
Манба: ЎзА