Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлом бола – жамият кўрки, мамлакат таянчи
2015-02-25 | Сиёсат
Президентимиз Ислом Каримов раислигида 24 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Давлатимиз раҳбари ўтган йили Жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар, унинг фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари хусусида атрофлича фикр юритди.
– Болалар спортини ривожлантириш, шу орқали уларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилгани ҳар жиҳатдан тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди, – деди Президентимиз. – Спорт одамларнинг оиласига, онгига кирди, турмуш тарзига айланди. Ота-оналар ўзлари болаларини спорт тўгаракларига етаклаб келмоқда. Спорт билан шуғулланган ўғил-қизларимиз соғлом, бақувват ва қатъиятли бўлиб улғаймоқда, уларнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бир сўз билан айтганда, халқимиз бу борада ҳам уйғонди.
Мамлакатимизда бу олижаноб мақсад йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва изчил давом эттирилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби йўналишлардаги ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Болалар саломатлиги бу борадаги ишларнинг энг муҳим босқичидир. Зеро, соғлом бола соғлом инсон бўлиб вояга етади. Руҳи тетик, тани бақувват, фикри тиниқ бўлади. Ўз олдига қўйган мақсадларини амалга ошира олади. Ота-онасига, элу юртига наф келтиради.
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ана шундай баркамол авлодни вояга етказишда муҳим ўрин тутмоқда. Жамғарма ташкил этилганидан буён мамлакатимизда 1700 дан зиёд спорт объектлари барпо этилди. Улар замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланди. Бу, шубҳасиз, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлаши, ёшларимизнинг жаҳон майдонларида улкан ютуқларни қўлга киритиши, халқаро миқёсда Ватанимиз нуфузининг янада ошишига замин яратди.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 278 болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Улар 30 мингдан ортиқ янги мусиқа асбоблари, 61 минг нусха ўқув қўлланмалари, миллий ва жаҳон мусиқаси ноталари билан таъминланди.
Ислом Каримов мусиқа ва санъат мактаблари қуриш ишларини изчил давом эттириш, бунинг учун яхлит янги концепция ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади. Мусиқа ва санъат мактабларида миллий мусиқий меросимиз билан бирга, жаҳон мумтоз композиторлари ижодини ҳам ўрганиш кераклиги қайд этилди.
Жисмоний ва маънавий етуклик – инсоннинг икки қаноти. Спорт танани чиниқтиради, иродани мустаҳкамлайди, мусиқа дидни тарбиялайди, маданиятни оширади. Спорт билан шуғулланган бола ўзига ишонади, санъатга ошно одамнинг дунёқараши кенг бўлади. Бундай ёшлар жамиятни бойитади, ҳеч қачон адашмайди.
Соғлом бола йили – 2014 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастурининг ижроси аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни ривожлантиришда муҳим омил бўлди.
"Соғлом она – соғлом бола" лойиҳаси доирасида аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, спортга кенг жалб этилмоқда. Бундай хайрли ишлар самарасида сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди. 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори моҳият эътибори билан болаларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Мажлисда спорт иншоотлари ва сузиш ҳавзаларини қуриш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари атрофлича таҳлил этилди. Спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, болаларни, айниқса, қизларни спортга янада кенгроқ жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
2014 йилда болалар спорти объектлари, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилди. 115 болалар спорти объекти, 48 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилди.
Барча спорт мажмуалари замонавий спорт инвентарлари ва малакали мураббийлар билан таъминланаётгани туфайли уларнинг қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Битта спорт иншоотидан ўртача кунлик фойдаланиш вақти 9,8 соатни ташкил этмоқда.
Болалар спорти объектлари асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган спорт инвентарлари ва ускуналари билан жиҳозланмоқда. Бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарлари ва ускуналарининг 116 таси мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда.
Қизларимиз учун миллий менталитетимизга хос кийимлар тайёрланмоқда, аёл мураббия ва ўқитувчиларни тайёрлашга кенг ўрин берилаётир.
Давлатимиз раҳбари Жамғарма фаолиятини замон талаблари асосида янада ривожлантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Замон ўзгаргани сари талаб ҳам, рақобат ҳам ўзгариб бораверади. Шу боис спортни ривожлантириш борасидаги ишларимизга танқидий кўз билан қарашимиз, замон билан ҳамқадам бўлмоғимиз зарур.
Мамлакатимиз спортчилари 2016 йилги ёзги Олимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ бу борадаги ишлар замонавий асосда олиб борилмоқда.
Спортчиларимизнинг ғалабалари спортни кенг оммалаштиришда муҳим ўрин тутади. Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлиб, байроғимизни баланд кўтариб, қувончдан кўзига ёш олган йигит-қизларни кўрганда ота-оналарда, болаларда ҳам спортга ҳавас уйғонади. Бундай ғалабалар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйини янада оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш, профессионал спортчиларни тайёрлаш ва халқаро мусобақаларда иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳар бир спорт тури учун махсус мажмуа бўлиши керак. Шу мақсадда барча вилоятларда халқаро тоифадаги спорт усталари тайёрлайдиган мажмуалар барпо этиш зарур. Уларга энг малакали мураббийларни, керак бўлса, хориждан мутахассисларни жалб этиш, спорти ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш лозим, деди Президентимиз.
Йиғилишда 2015 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўриб чиқилди. Спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, уларни зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, халқ таълими вазири У.Иноятов, халқ таълими вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Э.Искандаров, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси М.Усмонов, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ахбороти тингланди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: ЎзА