Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Очиқ мулоқот ва изчил ҳамкорлик
2017-03-15 | Сиёсат
Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимдаги мавжуд муаммо ҳамда камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” деб эълон қилиш таклиф этилган эди.
Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган долзарб вазифалар режаси ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ қилинаётир. Яъни пайшанба кунлари ўтказиб келинаётган профилактика тадбирларида ички ишлар органлари ходимлари, прокурорлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, Мусулмонлар идорасининг жойлардаги вакиллари, умуман, барча юртдошларимиз, жумладан, ёшлар фаол қатнашмоқда.
Бундай учрашувлар чоғида ҳудудларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинаяпти. Қолаверса, иштирокчилар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан бохабар бўлмоқдалар.
Буни 9 март куни ўтказилган профилактика тадбирлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Кун давомида корхона ҳамда ташкилотлар, ўқув муассасаларида бўлиб ўтган 63 мингдан зиёд учрашувларда ҳуқуқий тарғиботга катта эътибор қаратилди. Ёшларнинг бўш вақт-ларини мазмунли ташкил этиш, ўқишга бўлган муносабатини яхшилаш, бу борада ота-она, ўқув муассасаси мутасаддилари ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорлигини кучайтириш бўйича ҳам зарур тавсиялар берилди. Айни чоғда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, ўқувчиларнинг интизоми ва давоматини назорат қилиш борасидаги ҳолат таҳлил этилди. Ўқувчиларга Ватанни, оиласини севиш, зиммасидаги масъулиятни ҳис этиб яшаши юзасидан тушунтиришлар берилди.
Жиноят ва унинг келиб чиқиш сабаби, ўқишга бормаётган ўқувчилар ота-оналари, маҳаллалардаги нотинч оилалар, жиноят содир қилишга мойил шахсларнинг хатти-ҳаракатлари кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилаётгани, айниқса, фойдали бўлаяпти.
Хонадонларга бориб, профилактик ҳисобда турган, муқаддам судланган шахслар билан суҳбатлар ҳам ўтказилдики, булар пировардида ўз самарасини бера бошлади. Яъни жойларда ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайиб бораётгани кузатилмоқда.
Профилактика куни тадбирлари ички ишлар органлари ходимлари учун ҳам айни муддао бўлаётганини айтиш зарур. Аниқроғи, аҳоли билан учрашиб, уларни ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда фаол бўлишга чорлаш жараёнида ички ишлар органлари ходимлари халқимизга янада яқинлашмоқда. Табиийки, бу фаолиятимизни бугунги кун талаблари асосида ташкил қилишимизда муҳим ўрин тутади.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудида навбатдаги “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Фурқатжон ҒАЙБУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
бош бошқармаси инспектори, лейтенант.
Манба: ЎзА