Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Банк маҳсулотлари кўргазмаси
2015-02-24 | Иқтисодиёт
Нукусда ўтказилган "BankExpo – 2015" банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари миллий кўргазмасида тижорат банклари, етакчи суғурта компаниялари маҳсулот ва хизматлари намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ташкил этилган кўргазмада мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда молия институтларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир.
Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантиришга йўналтирилаётган лойиҳалар кўлами йилдан-йилга ортмоқда. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикасида тижорат банклари томонидан 364 миллиард сўм маблағ ушбу соҳа ривожига йўналтирилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил этиши учун 14 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Маиший хизмат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим лойиҳалар ҳам эътибордан четда қолмади. Натижада 7 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
– Банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бўлим бошлиғи А.Абдукаримов. – 2014 йилда Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий дастурларга киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун 501 тадбиркорга 55 миллиард сўм, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 46 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш соҳасига 60 миллиард сўм кредит ажратилди. Нукус шаҳрида 2014 йилда 36 кўпқаватли замонавий уйлар қурилиб, 1 минг 700 оиланинг турар-жойга эга бўлишида ҳам тижорат банкларининг ҳиссаси катта бўлди.
Банклар хизматини кенгайтириш ва самарадорлигини оширишда замонавий технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, тижорат банкларини модернизация қилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаётир.
Кўргазмада банклар томонидан мижозларга кўрсатилаётган "Моbil-banking", "SMS-banking", он-лайн режимида маълумот олиш ва тўловларни амалга ошириш борасидаги замонавий технология асосидаги янги хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Ўтган йили "Менинг бизнес ғоям" танловида ғолиб бўлиб, овулимизда сервисни ривожлантириш лойиҳамга имтиёзли кредит олдим, – дейди Қораўзак туманидан ёш тадбиркор С.Ерғалиев. – Натижада фото-видео хизматини йўлга қўйиб, уч нафар тенгдошимни иш билан таъминладим.
Кўргазмада тижорат банклари томонидан олис ҳудудларда ёш тадбиркорларнинг бандликни таъминлашга йўналтирилган лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ўтказилган танловнинг 35 нафар ғолибига имтиёзли кредит маблағлари олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Манба: ЎзА