Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
2017-03-07 | Туризм
Туризм иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг асосий омилларидан.
Мазкур соҳа иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади: қўшимча иш ўринлари яратилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, миллат фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, инфратузилманинг ривожланишига туртки беради. Ушбу омиллар ўз-ўзидан соҳа ривожида илғор давлатлар тажрибаларини ўрганиш, амалиётга татбиқ этишни тақозо этади.
Пойтахтимиздаги «City Palace» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази, Корея Республикаси Маданият, спорт ва туризм вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Миллий туризм ташкилоти томонидан ташкил этилган «Туризм сиёсати амалиёти» мавзуидаги семинарда Ўзбекистоннинг сайёҳлик имконияти, Жанубий Кореянинг бу соҳадаги тажрибаси хусусида сўз борди.
Тадбирда икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги етмишдан ортиқ давлат ва хусусий ташкилотлари вакиллари, тегишли олий таълим даргоҳлари ўқитувчи ва талабалари иштирок этди. Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори сайёҳлик йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, соҳада амалга оширилаётган қатор қўшма лойиҳалар ўз самараларини бераётгани алоҳида таъкидланди.
«Жанубий Корея сайёҳлик тажрибасини ўрганиш» тренинги доирасида ўтказилаётган турли тадбирлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси 2016 йилнинг 21 ноябрь – 2 декабрь кунлари Жанубий кореялик экспертлар билан биргаликда туризм соҳасидаги ҳамкорликни барча йўналишларда янада фаоллаштириш бўйича тажриба алмашди.
– Мазкур семинар 2016 йили ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда ташкил этилган тренингнинг мантиқий давоми бўлди, – деди Корея Республикаси Миллий туризм ташкилоти директори ўринбосари Чои Сеок Бум. – Тадбирдан кўзланган мақсад ўзаро тажриба алмашиш, соҳага янги метод ва технологияларни жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан иборат. Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва имкониятини юқори баҳолаймиз. Туризмга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган шарт-шароит, махсус семинар-тренинглар мамлакатингизда мазкур соҳанинг янада тараққий этишига хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, соҳага оид қонунчилик тизими ва илғор тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш лозимлигини қайд этди. Бунинг учун сайёҳлик йўналишида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро амалий ташрифларни янада фаоллаштириш, икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги салоҳияти ва имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Анжуманда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Корея Республикасининг Кёнхи ва Сежонг университетлари профессор-ўқитувчиларининг маърузалари тингланди.
Семинар доирасида ҳужжатли фильмлар намойиш этилди, тақдимотлар, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Манба: ЎзА