Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юксак ҳуқуқий маданият сари
2015-02-24 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш тизими самарадорлиги масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашнинг самарали механизми шакллантирилгани таъкидланди. Фуқароларнинг бу имкониятлардан самарали фойдаланишини йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган изчил ишлар натижасида юртдошларимизнинг нафақат сиёсий-ҳуқуқий маданияти, балки фуқаролик позицияси ҳам тобора юксалиб бормоқда.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилик асослари яратилгани, унинг мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламларига етказишда давлат ва жамоат ташкилотларининг узвий фаолияти йўлга қўйилгани бунда муҳим аҳамият касб этаётир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тузилгани шу мақсадга хизмат қилмоқда. Кенгаш томонидан ўтган даврда ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширишга оид комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Ёш авлоднинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришда ҳуқуқий адабиётлар муҳим аҳамиятга эга. Ўтган давр мобайнида ушбу йўналишда 342 минг нусхадан ортиқ дарслик, қўлланма ва оммабоп юридик адабиётлар нашр этилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоат бирлашмалари, таълим муассасалари томонидан кўплаб ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирларнинг 57 мингга яқини адлия органлари томонидан ташкил этилган.
Ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти янада ривожлантирилди. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси – "LexUZ" орқали аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш кўлами кенгайтирилди. Ўзбек ва рус тилларидаги 33 мингга яқин ҳужжат жамланган ушбу тизимдан юридик ва жисмоний шахслар бепул фойдаланмоқда. Ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ҳам аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Тадбирда айни пайтда сайлов қонунчилигини кенг тарғиб этиш, кекса авлод вакилларининг ижтимоий муҳофазасига оид тадбирлар, аҳоли, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот ишлари амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА