Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий чемпионат бошланди
2017-03-03 | Спорт
Ўзбекистон миллий чемпионати олий лигаси биринчи тур ўйинлари бошланди.
Юртимизда футболни янада ривожлантириш, профессионал футбол клублари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида миллий чемпионат савияси тобора ошиб бормоқда. Бу йилги чемпионатнинг олий лига баҳсларида ўн олти жамоа ғолиблик учун ўзаро баҳслашмоқда.
Биринчи турнинг дастлабки кунида учта ўйин ўтказилди. Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони "Локомотив" жамоаси сафарда "Машъал" клуби меҳмони бўлиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва дастлабки уч очкони қўлга киритди. 65-дақиқада Марат Бикмаев рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг ғалабасини таъминлади.
"Динамо" жамоаси Бекободда биринчи тур ўйинини ўтказиб, мезбонлар – "Металлург" жамоаси дарвозасига жавобсиз иккита тўп киритди.
"Пахтакор" клуби ўз майдонида "Қизилқум" жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Жамшид Искандаровнинг иккита ва Станислав Андреевнинг битта голи мезбонларга ғалаба келтирди. "Қизилқум" жамоасининг ягона голига Азамат Алланиёзов муаллифлик қилди.
4 март куни ўтказиладиган учрашувларда "Бунёдкор" – "Сўғдиёна", "Бухоро" – "Олмалиқ", "Шўртан" – "Нефтчи", "Навбаҳор" – "Обод", "Қўқон-1912" – "Насаф" жамоалари ўзаро баҳслашади.
Манба: ЎзА