Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Баҳор – дўстлик айёми
2017-03-03 | Жамият
Дўстлик, биродарлик туйғулари олдида тил, миллат, масофа тўсиқ бўлолмайди. У дилларни, элларни ўзаро боғлайди.
«Наврўз» ҳамда «Мартеница» байрамлари муносабати билан «Ўзбекистон – Болгария» дўстлик жамиятида бўлиб ўтган маданий тадбирда бу яна бир бор ўз ифодасини топди. Унда Болгария Республикасининг Муваққат ишлар вакили Г.Проданов, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши раиси М.Ҳожиматов ва бошқалар мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатлари, саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, маданият каби соҳалардаги самарали ҳамкорлик хусусида сўзлади.
1998 йилда ташкил этилган «Ўзбекистон – Болгария» дўстлик жамияти икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамламоқда.
Бугунги таркибий ўзгаришлар ва ишбилармонлик муҳити Ўзбекистоннинг янада тараққий этишида муҳим омил бўлаётгани, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди. 2016 йил май ойида Болгария Республикаси Бош вазири Бойко Борисов ташрифи доирасида «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида юқори технологияли «ЎзПристаойл» қўшма корхонаси очилди. Сентябрь ойида Тошкентда Болгариянинг “Another Point Adviser Co. Ltd” компанияси билан ушбу мамлакатда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ваколатхонасини очиш тўғрисида шартнома имзоланди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил давом этмоқда.
Тадбирда икки халқнинг миллий куй-қўшиқлари янгради, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Манба: ЎзА