Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли
2015-02-21 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида журналистлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритишда оммавий ахборот воситалари иштирокининг долзарб масалаларига бағишланган онлайн- семинар бўлиб ўтди.
Тадбир оммавий ахборот воситалари вакилларининг миллий сайлов қонунчилигимизга оид ҳуқуқий билимларини янада ошириш, сайлов жараёнини тезкор ва холис ёритишда журналистлар иштироки билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, миллий экспертлар, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мамлакатимиз ҳудудлари билан видео алоқа орқали семинар мавзуларини онлайн режимида муҳокама қилишда ҳудудий матбуот марказлари ходимлари ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда катта аҳамиятга эга муҳим сиёсий воқеа эканини таъкидлади. Мамлакатимизда демократик сайловларни ташкил этиш яширин овоз беришга асосланган бўлиб, қолган барча жараёнлар очиқ, ошкора ва транспарентлик асосида ўтказилади.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, сайлов комиссиялари фуқароларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ўз фаолияти, сайлов комиссиялари тузилгани, улар жойлашган манзил ва иш вақти ҳақида маълум қилади, сайловчилар рўйхати, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар билан таништириб, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан кузатувчилар, журналистлар, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.
Сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Тадбирда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнида фаол иштирок этаётгани қайд этилди. Сайлов комиссияларининг барча тадбирлари журналистлар иштирокида ўтказилмоқда. Мавзуга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар мунтазам эфирга узатилмоқда, сайловчиларга сайлов жараёни босқичларини тушунтирадиган роликлар намойиш этилмоқда. Сайлов кампанияси босма ва интернет-нашрларда ҳам кенг ёритилмоқда.
Семинар қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти қизғин паллага кирган шу кунларда оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти янада ортиб бораётганини таъкидлади. Сайлов қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказишда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилган.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнининг барча тадбирларини ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ёритишда қонунчиликка, холислик, бетарафлик ва адолатлилик принципларига қатъий риоя этиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, очиқлик ва ошкоралик принципларини очиб берадиган, сайлов кампаниясининг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга доир маърузалар тингланди.
Ўзаро мулоқот ва фикр алмашиш шаклида ўтказилган тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА