Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мамлакатимизнинг 23 туманида заъфарон плантациялари ташкил этилади

2017-03-03 | Жамият

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар қаторида 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Лойиҳага кўра мамлакатимизнинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш, унинг хомашёсидан фармацевтика саноатида фойдаланиш, маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган. 

Гулсафсардошлар оиласига мансуб заъфарон шамолдан пана, жануб томонга бироз қия бўлган, қуруқ тупроқларда ўсади. Уни экиш муддати ўсимлик тиним даврига ўтган вақтда, яъни июль-август ойларига тўғри келади. Заъфарон туганак пиёзлари 10 сантиметр узоқликда, 15 сантиметр чуқурликда, 60 сантиметр кенгликда экилади. 

Заъфарондан олинадиган доривор хомашё – қизил рангли гул устунчаси октябрь-ноябрь ойларида терилади ва заъфарон тайёрлаш пунктларига юборилади. Бир гектар плантациядан ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм доривор ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади. 

Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади. 

Мамлакатимизда ушбу ўсимликни кўпайтириш ва плантацияларини ташкил этиш бўйича илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника боғи олимлари томонидан олиб борилди. Тадқиқотлар кўрсатишича, заъфарон юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжуд. 

Халқ табобатида заъфарон ўнлаб хасталикларни даволашда ишлатилган. Абу Али ибн Сино заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли, нафас аъзоларини соғлом қилишини ёзиб қолдирган. 

Ҳозирги кунда ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Унинг таркибида 50 фоиздан ортиқ бўёқ берувчи кроцин, 2,7 фоиз ёғ, 0,32 фоиз эфир мойи, В, В2 витаминлари, азотли моддалар, қанд, калий ва кальций бирикмалари мавжуд бўлиб, кўплаб касалликларни даволашда қўлланилади. Ўсимлик ўзига хос хушбўй ҳиди, ёрқин ранг ва таъм бериши боис турли таомларга қўшилади. Ундан қандолат маҳсулотлари, кремлар, музқаймоқ тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Заъфарон қўшилган озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча кунгача сифатини йўқотмайди. 

Жорий йилдан бошлаб Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ ва Китоб туманларида 4 гектардан, Шаҳрисабз туманида 3 гектар майдонда заъфарон плантацияларини барпо этиш мўлжалланмоқда. Ушбу ўсимликни кўпайтириш мамлакатимизда доривор ўсимликлар хомашёсини маҳаллий шароитда етиштириш, фармацевтика саноати эҳтиёжини таъминлаш ва озиқ-овқат зиравори сифатида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради. 

Лойиҳа тақдимотида ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари, Ўзбекистонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш бўйича иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда танланган туманлар, ўсимлик етиштириш агротехнологияси тўғрисида маълумот берилди. 

Президентимиз заъфарон плантацияларини ташкил этиш маҳаллий фармацевтика саноати учун хомашё манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Заъфарон етиштириш учун мутахассислар тайёрлаш, бунинг учун алоҳида коллежни танлаш ва ёшларни ўқитиш, Тошкент давлат аграр университетида мутахассислар тайёрлаш лозимлигини таъкидлади. 

Заъфарон ўсимлигини етиштириш, келажакда уни кўпайтириш бўйича марказ ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди. Бу марказда доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари турларини танлаш, илмий-тадқиқотларни йўлга қўйиш, ёш кадрларни соҳага йўналтириш, пировардида чет эл илғор технологияларини ўрганиш ва экспортни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. 

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси олимларни янада рағбатлантирди. Илмий тадқиқотларимиз доирасида иқлим шароитимизга мос шифобахш ва озиқ-овқат тармоғида ишлатиладиган сано ўти, доривор валериана, бўёқдор рўян, доривор лаванда, тукли эрва, доривор розмарин ва икки бўлакли гинкго каби ўсимликлар аниқланди. Келажакда импорт ўрнини босувчи, экспортбоп бу турларни ҳам мамлакатимизда кўпайтириш, дастлабки плантацияларни ташкил этиш бўйича таклифлар берилди. Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларнинг энг яхши намуналарини танлаб олиб, уларни кўпайтириш, яхлит соҳа сифатида ихтисослаштириш, фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 
 

Бобоқул Тўхтаев,
биология фанлари доктори, профессор. 
Азиз Маҳмудов,
катта илмий ходим-изланувчи.

Манба: ЎзА

Поделиться