Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳотамжон Кетмоновнинг Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-21 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 20 февраль куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни 5-Навоий округ сайлов комиссияси раиси Ў.Мавлонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А.Асадов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда асосий устувор йўналишлар қаторида авваламбор аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари ҳимояси йўлида меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишга интилишини қўллаб-қувватловчи, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсат юритиш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш қайд этилган.
Учрашувда Зарафшон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби директори Г.Қаршиева, Навоий давлат педагогика институти кафедра мудири Х.Қурбонов, Конимех туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори И.Наризова сайловларнинг кўппартиявийлик ва партиялараро соғлом рақобат руҳида, умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ташкил этилаётгани мамлакатимизни янада ривожлантириш, халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлашда муҳим омил эканини таъкидлади.
Манба: ЎзА