Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қонун устуворлиги – адолат мезони

2017-03-02 | Жамият

Жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда инсон манфаатлари ҳамда қонун устувор бўлган, барча тармоқлар ўз фаолиятини фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга сафарбар этган мамлакатда юксалиш бўлади. Бундай давлат фуқароси шу Ватанда азиз эканлигини ҳис қилиб, ҳар томонлама баркамолликка интилади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш – амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигининг кафолатидир. Аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда тинчлик, тотувлик ва барқарорликни таъминлашнинг энг муҳим омилидир. 

Мамлакатимизда инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятини қуришдек буюк мақсадлар йўлидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган давлат сиёсати янги босқичга кўтарилди. 

Бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда том маънода қарор топтириш – давлат идоралари, шу жумладан, прокуратура органларининг ҳам энг асосий вазифаси бўлаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. 

Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган талаблари прокуратура органлари ходимларининг кундалик фаолиятидаги асосий қоидага айланди. Шу ўринда қайд этиш зарурки, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг асосий йўналишларидан бири фуқароларнинг мурожаатларини қонуний ҳал этишдир. 

Бироқ айрим давлат органлари масъул ходимлари мурожаатларга беэътибор бўлиб, уларга панжа орасидан қарашлари учраётгани кечириб бўлмас ҳолдир. Масалан, Тўрткўл тумани архитектура ва қурилиш бўлими бош мутахассиси К.Дурдиев “Бахтли Темур” фермер хўжалиги раҳбари И.Аллабергеновнинг фермер хўжалигига молхона, қоровулхона ва техника воситаларини таъмирлаш устахонаси қуриш учун рухсат бериш ҳақидаги мурожаатини 6 ой мобайнида ҳеч бир сабабсиз ўрганиб чиқмаган. Мирзо Улуғбек тумани бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 14 нафар фуқаронинг мурожаатларига марказ директори вазифасини бажарувчи Р.Саидаҳмедов икки ой давомида жавоб хати юбормаган. Бундай ҳолатларга йўл қўйган шахслар тегишли тартибда жавогабгарликка тортилди. 

Президентимиз прокуратура органлари ходимлари билан 2017 йил 7 январь куни бўлиб ўтган учрашувда “фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, содда қилиб айтганда, эл-юрт ичига кириш, унинг дарди ва ташвиши билан яшаш прокуратура ходимларининг энг долзарб вазифасига айланиши зарур”, деб биз учун мурожаатлар ва халқ билан ишлаш соҳасидаги вазифани аниқ белгилаб берди. Учрашувда прокуратура органлари фаолиятида бошқа йўналишларда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳам кўрсатиб ўтилди. Давлатимиз раҳбарининг “Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади, қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт”, деган сўзлари ҳар бир ходимдан ўз фаолиятига катта талабчанлик ва юксак масъулият билан муносабатда бўлишни тақозо этади. 

Барча ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилганлиги давлат органлари, жамоат ташкилотлари билан боғлиқ бўлган масалалар ечимини топиш бўйича давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини янада оширади. Бундай қабулхоналар аҳоли, ёшлар ва тадбиркорлар учун уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Халқ қабулхоналарининг асосий мақсади – ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдир. Шу боис мутасадди идоралар билан биргаликда жойларда фуқаролар билан очиқ мулоқотни тўғри ташкил этиш, фуқаролар мурожаатларини тўлиқ ва муддатида кўриб чиқилишини таъминлаш прокуратура органларининг алоҳида масъулиятли вазифаси бўлиб қолади. Халқ ичида юриб, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига ўз ҳиссамизни қўшиш учун барча куч ва ғайратимизни сафарбар қиламиз. 
 

Миршод Бобоев,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
бошқарма бошлиғи.

Манба: ЎзА

Поделиться