Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқаришга
2017-03-01 | Иқтисодиёт
Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудни ижтимоий-иктисодий ривожлантириш дастури асосида жорий йилда саноатда 365, қишлоқ хўжалигида 686, хизмат кўрсатиш соҳасида 1 минг 184 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Бу борада ўтган йили 194,6 миллиард сўм ва 7,5 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 2 минг 17 лойиҳа амалга оширилди. 9 минг 956 янги иш ўрни яратилди. Нукус шаҳрида “Кардар ишлаб чиқариш маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан 500 миллион сўм эвазига брикет маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Элликқалъа туманидаги “Эл рози Нур” масъулияти чекланган жамиятида 250 миллион сўмлик инвестиция ҳисобидан вермикулит қайта ишланиб, иссиқлик сақловчи қуруқ қурилиш материаллари тайёрланмоқда. Маҳаллий хомашёдан тайёрланаётган бу маҳсулотга талаб ортмоқда.
Амударё туманидаги "Jumurtau ideal" корхонасида умумий қиймати 930 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, қурилиш ашёси – шағал ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилди.
– Бу жараён жорий йилда ҳам изчил давом эттирилиб, 2 минг 235 лойиҳа амалга оширилиши, 15,3 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари Маҳмуд Қўшимбетов. – Булар асосан саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикасида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳудудий комплекс дастурга асосан бир неча йирик замонавий корхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Жорий йилнинг август ойида Нукус шаҳрида йилига 8 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулаларни қайта ишлаб, турли диаметрли қувур ва қоплар ишлаб чиқариш, қуввати 6 (10) кВ.ли комплект трансформатор подстанциялари ишлаб чиқарувчи корхоналар ишга туширилиши режалаштирилган.
“Nukus med tex” масъулияти чекланган жамияти томонидан 35,5 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ҳисобидан йилига 250 миллион дона шприц ва инфузион система ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шуманай туманида йилига 3 минг 500 тонна ип-калава ишлаб чиқарадиган “Шуманай эко текс” замонавий тўқимачилик корхонаси барпо этилади.
Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли, айниқса, ёшларни доимий иш билан таъминлаш баробарида, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, турмушимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Манба: ЎзА