Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Акмал Саидовнинг Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-21 | Сиёсат
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов 20 февраль куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссияси раиси А.Раҳимов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Б.Бобожонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод Акмал Саидов нутқ сўзлаб, ўз сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлар ҳақида сайловчиларга маълумот берди.
Дастурда миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи барча фуқароларининг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, "маҳалла" миллий демократик институтини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини таъминлашда маҳалла ролини кучайтириш, миллий ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик ҳамда туризмни янада ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари И.Болтаев ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалга ошириш мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Манба: ЎзА