Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий армиямиз – тинчлигимиз кафолати
2017-03-01 | Жамият
Жиззахда мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини такомиллаштиришда жамоатчиликнинг иштирокини янада кенгайтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенатининг вилоятдан сайланган аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ёшлар масалалари бўйича комиссиялари аъзолари, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, ҳарбий қисмлар ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Президентимизнинг шу йил 26 январь куни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртидаги учрашувида белгилаб берилган вазифалар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун қулай шароитлар яратиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматга тайёрлаш бўйича Жиззах вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йилда вилоят марказида ҳарбий хизматчилар оилалари учун 56 хонадонли 2 турар жой биноси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлашни янада яхшилаш мақсадида Жиззах политехника институти қошидаги академик лицей ва Жиззах педагогика коллежида ҳарбий кафедралар ташкил этилади.
Йиғилишда Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигининг кафолати бўлган миллий армиямиз қудратини янада оширишнинг муҳим шарти бўлган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини янада яхшилашда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: ЎзА