Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қашқадарё вилояти саноати янада юксалишига хизмат қиладиган янги лойиҳалар

2017-02-24 | Сиёсат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги “Қарши лезер” қўшма корхонасида бўлиб, Қашқадарё вилоятида чармпойабзал соҳасини янада ривожлантириш дастури, мева-сабзавот етиштириш, янги логистика маркази ташкил қилиш, Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз туманларида токзорлар барпо этиш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди. 

Қашқадарё вилоятида чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш ҳудудда етиштириладиган тери хомашёсини сифатли қайта ишлашни ташкил қилишда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда вилоятда 2017-2018 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 12,9 миллион долларлик 18 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди. 

Мазкур дастурга мувофиқ Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Китоб ва Нишон туманларида 5 пойабзал, Китоб туманида чарм-атторлик маҳсулотлари, “Қарши лезер” корхонасида тайёр чарм ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Бу вилоятда йилига 1 миллион дона терини қайта ишлаш, 460 минг жуфт пойабзал ва 100 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари тайёрлаш, 200 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради. 

“Қарши лезер” қўшма корхонасида амалга оширилаётган қиймати 9,1 миллион долларлик лойиҳа намойиш этилди. Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида юқори сифатли, рақобатбардош тайёр чарм ишлаб чиқариш, йилига 45 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Босқичма-босқич ишга тушириладиган корхонада 300 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, уларга асосан коллеж битирувчилари қабул қилинади. 

Президентимиз қўшма корхона таъсисчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатда ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш, бунинг учун мутасадди идоралар, вилоят ҳокимлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ташқи бозорни ўрганиб, экспорт географиясини мунтазам кенгайтириб бориш зарурлигини таъкидлади. 

Қашқадарё вилоятида мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш имкониятлари жуда юқори. Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётган “Шаҳрисабз” логистика маркази ушбу мақсадларга хизмат қилади. Собиқ пиллачилик фабрикаси ўрнида иш бошлайдиган логистика маркази мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш, қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текшириш, қадоқлаш ҳамда ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади. 

Марказ тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Минг киши иш билан таъминланади. Аҳамиятли томони, вилоятдаги фермер, деҳқон, шахсий томорқа хўжаликларига етиштирган маҳсулотини сотиш ҳисобига йилига ўртача 80 миллиард сўм атрофида даромад олиш имконияти яратилади. 

Чироқчи туманида йилига 8 минг тонна салат барглари, брокколи, рангли карам ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Биг агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти барпо этилмоқда. 194 гектар майдондан иборат қиймати 14 миллион доллар бўлган ушбу корхонада 2 гектарда кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхона, 4000 тонна сиғимли совуткич қурилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 6,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, туманда 90 доимий, 500 мавсумий иш ўрни яратилади. 

Яккабоғ, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 2017-2019 йилларда жами 5 минг гектарда янги токзорлар барпо этиш мўлжалланмоқда. Яккабоғ туманида бир йилда 4 минг тонна узумни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. 

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишар экан, воҳада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш, аҳолини ушбу маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, экспортини оширишда, пировард натижада аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Шу ернинг ўзида мамлакатимиз олимлари томонидан ўрмон фонди ерларида шифобахш ўсимликлар етиштириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳага кўра жорий йилдан бошлаб Қашқадарё вилоятининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида шафран (заъфарон) плантациялари ташкил этишга киришилади. Ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Уни кўпайтириш мамлакатимизда доривор ўсимликлар хомашёсини маҳаллий шароитда етиштириш ва озиқ-овқат зиравори сифатида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради. 

Президентимиз Ўзбекистон флораси доривор гиёҳларга бой эканини, хусусан, шафран ўсимлигидан қадимдан халқ табобатида кенг фойдаланиб келинганини таъкидлади. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришда шифобахш шафран муҳим хомашё манбаи бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Соҳа мутахассисларига бундай ўсимликлар турини кўпайтириш ва плантацияларни кенгайтириш бўйича тавсиялар берди. 

 
Матназар Элмуродов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться