Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: бунёдкорлик ва ободонлаштириш – тараққиётимиз ва фаровонлигимиз ифодаси
2017-02-11 | Сиёсат
Президентимиз Термиз шаҳрида барпо этилаётган ғўзапоя ва қамишдан ДСП ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси билан танишди.
Бунёдкорлик ва ободонлаштириш мамлакатимиз тараққиёти, фаровонлигининг ифодасидир, деди Шавкат Мирзиёев. Шу боис арзон ва сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга, бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериш зарур.
"Термиз таъминот" масъулияти чекланган жамияти негизида барпо этилаётган корхонада йилига 30 минг кубметр ДСП маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. 4,2 гектар майдонда 2,9 миллион доллар эвазига қад ростлайдиган янги мажмуада 160 иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ва “Комфорт инерт сервис” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилаётган гранит ва габбро тошларидан қурилишбоп пардозлаш плиталари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишди.
Йилига 80 минг квадрат метр гранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган янги корхонада 205 иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Президентимиз янги корхоналарни замон талабларига мос технологиялар билан жиҳозлаш, маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки экспортга йўналтириш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Манба: ЎзА