Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳудудларнинг ривожланиши бутун мамлакат тараққиётининг асосидир
2017-02-10 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Сурхондарё вилояти иқтисодий салоҳияти, табиий бойликлари билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга. Мустақиллик йилларида ана шу салоҳият ва имкониятларни халқимиз манфаатлари йўлида ишлатиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Вилоят иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ривожланмоқда. Бунинг тасдиғини 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8 фоиз ўсгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Тўпаланг гидроэлектростанцияси, Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи, “Шарғун кўмир”, “Хўжаикон туз” акциядорлик жамиятлари, “Хонжизза” кон-бойитиш мажмуаси каби йирик корхоналар вилоят саноатида етакчи ўрин тутмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 75,3 фоизни ташкил этмоқда. Меҳнат билан банд аҳолининг 80 фоиздан зиёди айни шу соҳада иш юритмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи давомида ўзининг сайловолди дастурида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича белгиланган режалар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Дастлаб давлатимиз раҳбари Термиз туманидаги “Gold Agro Fresh” агрофирмаси фаолияти билан танишди.
Халқимиз фаровонлиги, юртимиз бозорларининг қишин-ёзин тўкинлигига Сурхондарё фермер ва деҳқонлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Мамлакатимиздаги экин майдонларининг 7 фоизи мазкур вилоятга тўғри келади. Воҳа деҳқонлари юртимизда етиштириладиган пахта ва ғалланинг 8-9 фоизини, мева ва сабзавотнинг 11 фоиздан зиёдини етказиб бермоқда.
Кейинги йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилаётгани натижасида мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда, уларни қайта ишлаш саноати ривожланмоқда.
“Gold Agro Fresh” агрофирмаси сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларни экспорт қилишга ихтисослашган истиқболли лойиҳалардан биридир. Қиймати 35 миллион АҚШ доллари бўлган корхонанинг замонавий иссиқхоналарида йилига 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, шунингдек, 1000 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозир 20 гектарлик 15 блокда помидор, гулкарам, брокколи, рукколо ва ялпизнинг харидоргир навлари ўстирилмоқда. 70 блокнинг барчаси ишга тушгач, иссиқхоналарнинг умумий майдони 100 гектардан ошади. Бундан ташқари, 434 гектар ерда мавсумий экинлар экилиб, 23 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 2 минг 100 кишини иш билан таъминлаш, келгусида 100 гектар ерда интенсив боғ яратиш режалаштирилган.
Президентимиз бу ерда етиштириладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш, 5 минг гектарда анор, 5 минг гектарда лимон етиштиришни йўлга қўйиш, одамларнинг даромадини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида мева-сабзавот етиштириш, паррандачилик, чорвачилик каби тармоқлардаги истиқболли лойиҳалар билан ҳам танишди.
Ангор туманида қурилаётган мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган "Angor Gold Fruits" масъулияти чекланган жамияти лойиҳасига мувофиқ 530 гектар интенсив боғ, уч минг тонна мева-сабзавотни сақлаш имкониятига эга музхона қурилиши кўзда тутилмоқда.
Жарқўрғон туманида қурилиши режалаштирилаётган “Фабулло строй сервис” масъулияти чекланган жамияти ҳам мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 иш ўрни яратилади. Замонавий иссиқхонада 600 тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади ва экспорт қилинади. Сиғими 2 минг тонна бўлган замонавий музлатгичда йил давомида 6 минг тонна маҳсулот айланади. Мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ускунасининг қувватини йилига 8 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.
Президентимиз бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, мева-сабзавотларнинг ноанъанавий турларини кўпроқ экиш ва қайта ишлаш, экспортни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Қизириқ туманида икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий чорва комплекси барпо этилмоқда. 762 гектар майдонда қурилаётган ва қиймати 11,5 миллиард сўм бўлган ушбу мажмуада йилига тўрт минг тонна сут, икки юз тонна гўшт етиштирилади. 2,5 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланадиган корхонада юздан ортиқ киши меҳнат қилади.
Президентимиз чорвачилик комплекслари билан биргаликда агрофирмалар ташкил этиб, сут ва гўштни қайта ишлаш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаб, экспортга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.
Музработ туманида паррандачилик комплекси ташкил этилмоқда. Лойиҳа қиймати 5,5 миллион доллар бўлган мазкур мажмуада йилига 59,1 миллион дона тухум, 1,4 миллион жўжа ва 198 тонна товуқ гўшти етиштириш, 100 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Сентябрь ойида ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу комплекснинг умумий майдони 15 гектар бўлиб, унинг 2,5 гектарида ишлаб чиқариш бинолари жойлашади.
Мажмуа раҳбарлари билан учрашувда одамларга жўжа ва ем етказиб бериб, оилалар фаровонлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шавкат Мирзиёев “Шеробод пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида ингичка толали пахтани қайта ишлаш корхонаси, зараркунандаларга қарши курашишга қаратилган ишланмалар, лимон ва писта етиштиришга ихтисослашган плантациялар лойиҳаларини кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ерда олиб борилаётган реконструкция ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Президентимиз Термиз туманида ташкил этиладиган балиқчилик комплекси лойиҳасини амалга ошириш ишларини бориб кўрди.
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада ошириш, халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳалар ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудудларда шу йўналишларга ихтисослашган янги корхона ва хўжаликлар ишга туширилмоқда.
Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 186 балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Энди улар сафига «Термиз агро фиш экспорт» агрофирмаси ҳам қўшилади. Бу ерда балиқ етиштириш билан бирга, балиқ учун озуқа ишлаб чиқариш, балиқ маҳсулотларини экспортга йўналтириш ишлари ҳам амалга оширилади.
Корхонада Вьетнам технологиялари асосида Африка лаққаси, карп каби балиқлар етиштирилади. Илғор усуллари билан ажралиб турувчи ушбу технология балиқ етиштириш самарадорлигини беш баробарга ошириши билан аҳамиятлидир. Комплексда 500 тонна балиқни қайта ишлаш, 105 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.
Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор, деди Президентимиз. Унинг таркибида инсон саломатлиги учун жуда муҳим бўлган элементлар, витаминлар сероб. Сурхондарё балиқчилик учун зарур табиий иқлим, сув захираларига эга. Бундан унумли фойдаланиш, тармоқни янада ривожлантириш учун махсус дастур ишлаб чиқиш керак. Балиқчиликни чуқур ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш мақсадга мувофиқдир.
Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш лойиҳаси билан танишди.
Лойиҳада вилоятдаги гидротехника иншоотлари, канал ва бошқа сув тармоқларини реконструкция қилиш, янгиларини қуришга қаратилган 122,7 миллион долларлик чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Унинг 89,5 миллион доллари Ислом тараққиёт банкининг кредити ҳисобига қопланади. Натижада вилоятнинг Шеробод, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон туманларидаги 103,5 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилашга эришилади.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига қарашли «Термиз марвариди санаторияси» масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган реконструкция ишларини кўздан кечирди.
Учқизил сув омбори бўйидаги баҳаво ҳудудда жойлашган ушбу сиҳатгоҳда беморлар физиотерапия ва маъданли сув, қум ва қуёш нурлари билан даволанади.
Бугунги кунда сиҳатгоҳнинг 80 ўринли биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Кейинги босқичда 60 ўринли янги бино қуриш ва уни илғор тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш, ҳудудда болалар майдончаси, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган стадион ва майдончалар барпо этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга мазкур ҳудудда том маънодаги замонавий дам олиш комплексини бунёд этиш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Ангор туманида Хитой билан ҳамкорликда ташкил этиш режалаштирилган “Huashen Silkworm Pro” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона лойиҳаси билан танишди. Жорий йилда фойдаланишга топшириладиган ушбу корхона ипак қурти етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда 3 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Сурхондарё вилояти ипакчилик соҳасида катта тажрибага эга. 2016 йили 3 минг 394 фермер хўжалиги томонидан қарийб 1 минг 553 тонна пилла етиштирилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа билан танишар экан, Сурхон воҳаси маҳсулдор ипак қурти парваришлаш учун қулай табиий иқлим шароитига эга эканини таъкидлади.
Янги корхона мамлакатимиз енгил саноатини сифатли хомашё билан таъминлаш, воҳа аҳолиси учун янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз Сурхондарё вилоятига сафари давомида Ангор туманидаги Занг гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хушбоқов хонадонида бўлди. Шавкат Мирзиёев Шоди бобо ва у кишининг умр йўлдоши Саломат момо билан оиланинг кундалик ҳаёти, фарзандлар касб-кори ва набиралар тарбияси тўғрисида суҳбатлашди.
Сизлар каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир, деди Президентимиз.
Ердан унумли фойдаланилса, Сурхондарё шароитида йилда уч мартагача ҳосил олиш мумкинлиги, ҳаракат қилган одам ўзини ҳам, халқини ҳам бой қилиши таъкидланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, истиқболдаги режа ва эзгу мақсадлар ҳақида сўз юритилди.
Хонадон эгалари давлатимиз раҳбари халқ ичига кириб, одамларнинг фикрини ўрганаётганидан юртдошларимиз жуда мамнун бўлаётганини таъкидлади. Одамлар оғирини енгил қилиш, турмушини янада фаровон этиш борасидаги улкан, тизимли ишлари учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Шеробод туманидаги “Ғуржак-1” массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар, бу ерда аҳоли учун яратилган шароит билан танишди.
Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари халқимизга, аввало, фарзандларимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган имкониятлар яратмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Сурхон воҳасида 1009 арзон ва замонавий уй-жой барпо этилаётир. Шеробод туманидаги “Ғуржак-1” массивида қисқа муддатда 32 хонадондан иборат 2 қаватли иккита, хўжалик иморатлари ва ҳовлиси бўлган бир қаватли ўнта шинам уй бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.
Замонавий ва миллий меъморлик андозалари асосида қурилган янги массивда ижтимоий инфратузилма объектлари, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилган. Уйлар табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланган.
Давлатимиз раҳбари ёш оила – Ўктам Абдуллаев ва Малоҳат Жумаева хонадонида бўлиб, уларни янги уйга кўчиб ўтгани билан табриклади. Янги уйда ёш оила бахтиёр ва фаровон яшаши учун яратилган қулайликлар билан қизиқди. 3 хонали уйнинг ҳовлисида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун томорқа бор. Хонадон соҳибининг бувиси Каромат момо Абдуллаева кўркам, обод ва шинам уйлар олишда кенг имкониятлар яратилаётгани, бу ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини айтиб, давлатимиз раҳбарини дуо қилди.
Шавкат Мирзиёев 16 хонадондан иборат икки қаватли уйда яшаётган уй соҳиблари билан ҳам суҳбатлашди. Халқимизнинг тобора ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини қондириш, улар учун муносиб ҳаёт шароити яратиб бериш бугунги кундаги асосий вазифалардан эканини алоҳида қайд этди. Мутасаддиларга вилоятнинг қишлоқ массивларида аҳолига шаҳардагидан қолишмайдиган турмуш шароитлари яратиш, якка тартибда уй-жой қуриш кўламини янада кенгайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Президентимиз Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Буюк аждодимиз ҳадис тўплашдан ташқари ҳуқуқшунослик, табиатшунослик, табобат, илми нужум, тилшунослик, ахлоқ ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳам асарлар яратган. Мусулмон оламида буюк муҳаддислардан бири сифатида машҳур бўлган улуғ алломанинг бебаҳо мероси бугунги кунда ҳам кенг ўрганилмоқда.
Шу кунларда бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мажмуа ёнидаги қабристон ободонлаштирилди, 4,5 километр йўлга асфальт ётқизилди, сув, электр энергияси ва газ тармоқлари тортилди.
Давлатимиз раҳбари мажмуани янада обод масканга айлантириш, қулай шароитлар яратиш зиёратчилар оқимини кўпайтириш имконини беришини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шеробод туманида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилаётган цемент заводи қурилиши билан танишди.
Сурхондарё вилоятида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, саноат корхоналарини техник ва технологик янгилаш, янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этиш юзасидан қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайгани, иқтисодиётнинг мазкур тармоғига эҳтиёж тобора ортиб бораётгани қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этишни тақозо этмоқда. Шу маънода ушбу заводнинг ишга туширилиши айни муддао бўлади.
Тумандаги “Вандоб” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этиладиган цемент заводи қурилиш саноатини замон талаблари даражасида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа қиймати 212,8 миллион доллар бўлган ушбу саноат корхонасида йилига 1,5 миллион тонна портландцемент ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Корхона ишга туширилгач, бу ерда мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу завод нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Лойиҳачи ва қурувчилар билан суҳбатда қурилиш суръатларини жадаллаштириш, сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, ёш авлодни тарбиялаш ва иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Манба: ЎзА