Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент сайлови – мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа
2015-02-20 | Сиёсат
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – 2015» мавзусида ижтимоий сўров ўтказди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини кафолатлайдиган миллий сайлов тизими яратилди. Бу борада жамоатчилик фикрини ўрганиш сайлов кампаниясининг ажралмас қисми бўлиб, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқароларнинг кайфияти, фикр-мулоҳазалари, шунингдек, сайловда фаол иштирок этишини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Сўров ўтказишдан мақсад аҳолининг яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги хабардорлиги, ўз сайлов ҳуқуқлари ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунни қай даражада билишини аниқлашдан иборатдир.
Жамоатчилик сўровида аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари – эркаклар ва аёллар, ёшлар, пенсионерлар, турли миллат ва дин вакиллари, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.
Бўлажак сайлов ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганиш тадқиқотлари натижаси шундан далолат берадики, аҳолининг асосий қисми – 97,2 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтишидан хабардор. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ миллий сайлов қонунчилиги ҳуқуқий механизмларининг такомиллаштирилаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан сайлов кампаниясини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида фуқароларнинг хабардорлик даражаси ошмоқда.
Сўров натижаларига кўра, фуқароларимизнинг аксарияти ўзининг сайлов ҳуқуқлари ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун ҳақида етарлича маълумотга эга. Иштирокчиларнинг 91 фоизга яқини Ўзбекистон Республикаси Президенти миллий қонунчилигимизга мувофиқ беш йил муддатга сайланишидан хабардор эканини таъкидлаган. Бундан ташқари, улар миллий қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, мамлакатимизда фаолият юритаётган барча тўрт партия – Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга эканини ҳам билади.
Сўров фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш муҳим аҳамиятга эга экани ва бу уларга ўз фуқаролик бурчини бажариш ва конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш имконини беришини кўрсатди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш фуқароларнинг кўпчилиги учун ватанпарварлик туйғусини намоён этиш, Ватанимиз билан фахрланиш ва буюк келажагимизга ишониш ифодасидир.
Шунингдек, фуқароларнинг аксарияти учун оммавий ахборот воситалари мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги воқеалар, сайловолди кампанияси ҳақида ахборот етказиб берадиган асосий манбадир. Сўровга кўра, 95,4 фоиз фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини мунтазам кузатиб бормоқда. Ҳар иккинчи иштирокчининг фикрича, республика оммавий ахборот воситалари бўлажак сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов кампаниясининг ҳуқуқий асосларига тааллуқли хабарларни тезкор ва ўз вақтида тарқатмоқда.
Мухтасар айтганда, сўров фуқароларимиз кайфияти баланд экани, 29 март куни тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик, жамиятда дўстлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш муҳитида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга тайёр эканини кўрсатди.
Манба: ЎзА